Тожикистонда Туризмни ривожлантириш фонди ташкил этилди ва уни молиялаштириш манбаларидан бири фуқаролардан ундириладиган туризм солиғи бўлади. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.

Жорий йилнинг 1 июл куни ҳукумат фондни ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Фонд маблағлари учун Молия вазирлиги Марказий ғазначилик бош бошқармасида махсус ҳисоб рақами очилади. Маблағлар фонд кенгаши қарорлари асосида сарфланади.

Янги механизмнинг муҳокамаларга сабаб бўлаётган жиҳати шундаки, фондни молиялаштириш манбалари қаторига маҳаллий ва хорижий сайёҳлардан олинадиган турли йиғимлар бор. Хусусан, Тожикистон фуқароларидан чет элга саёҳат қилиш учун сотиб олган туристик пакетлари қийматининг 5 фоизи миқдорида пул ундириш кўзда тутиляпти. Бундан ташқари, фондга хорижий туристларнинг мамлакатдаги ҳар бир суткалик саёҳати учун туристик пакетларидан олинадиган йиғим, туристик хизматлар кўрсатишга рухсат берувчи ҳужжат учун йиғим, ушбу йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жарималар, депозитлардан даромадлар, шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва мақсадли маблағи келиб тушади.