Тожикистон ўз ҳаво ҳудуди бузилгани, маҳаллий аҳоли уйларига зарар етгани ва Дарвоз туманида тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани муносабати билан Афғонистон расмийларига норозилик нотаси йўллади. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб «Азия-Плюс» хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Афғонистоннинг Бадахшон вилоятининг чегара ҳудудларида, хусусан, Тожикистоннинг Дарвоз тумани билан чегарадош туманларда юз берган қуролли тўқнашувлар республиканинг чегараолди ҳудудлари хавфсизлигига таҳдид солиб, халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишига олиб келган.

Ҳодиса оқибатида Тожикистон ҳаво ҳудуди бузилган, турар жой уйларига шикаст етган ҳамда Дарвоз туманида бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Шу муносабат билан Афғонистон томонига норозилик нотаси топширилди. Ҳужжатда Тожикистон қатъий норозилик билдириб, Афғонистон томонидан содир бўлган воқеага жиддий ёндашишни, Тожикистон Республикаси давлат чегараси дахлсизлигига риоя қилишни ва бу каби ҳодисалар такрорланишининг олдини олиш учун самарали чоралар кўришни талаб қилган.

«Азия-Плюс» нашрининг ёзишича, воқеа Тожикистоннинг Дарвоз тумани рўпарасида жойлашган қўшни Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Нусай туманидаги қуролли тўқнашувлар фонида содир бўлган. 11 августдан буён Нусай туманида «Толибон» кучлари ва нуфузли қўмондон Жума Хон Фотиҳ тарафдорлари ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

13 август куни Afghanistan International маълумотларига кўра, «Толибон» вертолётлари Нусай маъмурий маркази яқинидаги Жисанг ҳудудида Фотиҳ одамларининг позицияларига зарбалар берган. Шунингдек, ҳудудга Қундуз, Балх ва Кобулдан қўшимча кучлар сафарбар этилгани хабар қилинган.