Жамият | 17:18 / 31.03.2021
2822
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ўқувчилар илк марта иштирок этадиган PIRLS халқаро тадқиқоти апрель ойида ўтказилади

2021 йил апрелда бўлиб ўтадиган PIRLS халқаро тадқиқотида Ўзбекистон ҳам қатнашади. Бу ҳақда 31 март куни АОКАда ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича PIRLS ва PISA халқаро тадқиқотлари олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов маълум қилди.

Жорий йилда ўтказиладиган PIRLS халқаро баҳолаш дастурида 60дан ортиқ давлатлар қаторида илк марта ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам қатнашишади. Аввалдан кутилаётган PIRLS халқаро тадқиқоти 2021 йилда, PISA халқаро тадқиқоти дастурлари эса пандемия муносабати билан 2022 йилда ўтказилади.

«2021 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган PIRLS тадқиқотларида республикамиздаги 180та мактабда таҳсил олувчи 5 948 нафар 4-синф ўқувчилари ҳамда уларнинг ота оналари, мактаб директорлари ва синф раҳбарлари иштирок этиши кўзда тутилган бўлса, PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёнида 83та мактаб ва улардаги 4800дан ортиқ 15 ёшли ўқувчиларнинг қатнашиши белгиланган», деди Одил Қўйсинов.

Маълум қилинишича,  PIRLS ва PISA тадқиқотларида иштирок этишга йўналтирилган 348та таянч мактаблар ва ўқувчилар тасодифийлик тамойиллари асосида танланган. Бунда мактаблардаги таълим тили, шаҳар ёки қишлоқда жойлашгани ва ўқувчилар сони каби мезонлар ҳам инобатга олинди.

Бугунги кунда Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази томонидан ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида ўтказиладиган жараёнлар учун барча тадқиқот материаллари: баҳолаш дафтарлари ва сўровномалар тегишли тилларга мослаштирилган ҳолда таржима қилиниб, халқаро верификациядан ўтказилган.

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ташкил этиладиган PISA халқаро тадқиқот дастури эса, умумий ўрта таълим тизимига оид таҳлилий ва қиёсий маълумотларни, шунингдек, мамлакатлар таълим сиёсатига оид муҳим қарорларни қабул қилишда муҳим маълумотларни тақдим этади. 2000 йилдан буён ҳар 3 йилда ўтказиб келинаётган PISA тадқиқоти 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар йўналишлари бўйича саводхонлигини баҳолайди.

PIRLS тадқиқотлари эса Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан ўтказиб келинаётган бўлиб, 4-синф ўқувчиларининг ўқиб тушуниш кўникмасини халқаро даражада баҳолашга қаратилган. 2001 йилдан буён ҳар беш йилда бир марта ўтказиб келинаётган тадқиқотларнинг 2016 йилги натижаларига кўра, 50та мамлакат ичида Россия, Сингапур, Ҳонгконг, Ирландия ва Финландия мамлакатлари юқори натижаларни қайд этган бўлса, шулар орасида россиялик ва сингапурлик ўқувчилар матнни ўқиш ва тушуниш бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган.

«Республикамизда бундай халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш учун бу борада катта тажрибага эга бўлган Россия давлатидан мутахассисларни жалб этдик. Бунга тайёргарлик жараёни 2018 йилдан бошланган эди. Республиканинг барча ҳудудларидан қамраб олинган жами 260 нафар ўқитувчи учун малака ошириш курслари ташкил қилинди. Кейинги босқичда улар орқали бутун республика ўқитувчилари тайёргарлик кўришди», деди Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотлар миллий маркази директори Абдували Исмоилов.

PIRLS бўйича Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) ҳамда PISA бўйича Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) билан ҳамкорликда республикамиздан тадқиқотларда иштирок этувчи мактаблар ва ўқувчилар тасодифийлик тамойиллари асосида танлаб олинди. Бунда мактаблардаги таълим тили, шаҳар ёки қишлоқда жойлашганлиги ва ўқувчилар сонига кўра катта-кичиклиги каби мезонлар инобатга олинди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид