Суҳбат давомида Нисо Турдиеванинг фаолияти, кардиожарроҳлик соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлари, футболга қизиқиши, хориждаги карьераси ва бошқа қизиқарли мавзуларда гаплашдик.

«Кардиожарроҳликни кучли мутахассислардан ўрганиш учун Россияга бориб ўқиганман»

«Мен Нисо Турдиева Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида мактабни тугатиб, 2003 йил Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кирдим. 2009 йил, 6-босқичда ўқиб юрганимда, ўқишни Санкт-Петербург Тиббиёт академиясига кўчирдим ва ўша ерда бакалавр дипломини олдим. Университетда ўқиб юрганимда, кардиожарроҳлик соҳасини танлашимни, бу соҳада ординатура ёки магистратура йўналишларига қабул фақат Тошкентда борлиги ва квота жуда камлигини билардим. Бир йилда 1-2 киши қабул қилинарди, холос. Ўша вақтларда Ўзбекистонда кардиожарроҳлик соҳаси ҳали унчалик ривожланмаган эди. Буларни англаган ҳолда, ўз соҳамни хориждаги кучли мутахассислардан ўрганишга қарор қилдим.

Университетни битирганимдан кейин Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказига ўқишга бордим. У ерда 9 йил давомида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, номзодлик диссертациямни ёздим. Марказда кичик илмий ходим ва юрак қон-томир жарроҳи лавозимларида ишладим.

3-босқичда ўқиб юрганимда жарроҳ бўлишимни билардим. Лекин айнан қайси жарроҳлик йўналишини танлашга келганда бир қарорга келмагандим. Болалар жарроҳлиги ёки умумий жарроҳликни танлашим керак эди. Ўқиш пайтида юрак туғма нуқсони бўлган ва операцияга муҳтож, аҳволи оғир беморларга кўп марта дуч келганман. Боланинг қўли ёки оёғида нуқсон бўлса, у билан яшаса бўлади, аммо юрак нуқсони билан яшаш имконсиз. Шу сабабли юрак хасталиги бор болаларга ёрдам бериш учун болалар кардиожарроҳи бўламан, деб қатъий аҳд қилганман».

«Жарроҳлик жамоавий иш, якка ўзингиз муваффақият қозонолмайсиз»

«Бошида тиббиёт соҳасидан кетишимга оиламдагилар бироз қарши бўлишган. Чунки Сурхондарёда тиббиёт олийгоҳи йўқ эди ва мен Тошкентга бориб ўқишим керак эди. Авлодимизда ягона шифокор менман, фақат опам тиббиёт ҳамшираси. Отам оилада тўнғич фарзанд бўлган. Самарқандга келиб ўқиган, аммо оилавий шароит ва бобомнинг хасталиги туфайли ўқишни ташлашга мажбур бўлган. Мана шу ҳолат тўғри танлов қилишимга сабабчи бўлди: Россиядан қайтиб келишдан олдин Тошкент ёки Самарқандга келиб ишлаш танлови бўлган. Ўшанда иккиланмай Самарқандни танлаганман. Чунки кўплаб ватандош ҳамкасбларим ҳам қайтишган ва мен ҳам улардан кейин қайтдим. Бу биринчи сабаб бўлса, иккинчиси отамнинг ушалмаган орзусини рўёбга чиқариш эди.