Журналистлар «Ўзмиллийбанк» АЖ тасарруфидаги Банк хизматларини кўрсатиш маркази ҳамда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар билан танишди.

«Diyor Cinema» кинотеатри «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ажратилган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи эвазига ишга туширилган. Жумладан, кинотеатр биноси учун керакли асбоб-ускуналар харид қилиниб жорий таъмирдан чиқарилган. Натижада ҳар бири 50 та ўринли 2 та кинозал ишга туширилган. Уларнинг бири 3D форматидаги фильмлар учун мўлжалланган кинозалдир.

Пресс-тур иштирокчилари Бухоро шаҳридаги «CARMEN PLUS» МЧЖда бўлишди. Таъкидлаш керакки, мазкур клиника замонавий диагностика ва терапевтик ресурсларга, кенг тиббий хизмат турларига бой, ўз ишининг малакали мутахассислари фаолият олиб борадиган юқори технологик хизматларга эга тиббиёт маркази ҳисобланади. Мазкур клиникада неврология, урология, оториноларингология, стоматология, кардиохирургия ва бошқа кўплаб йўналишлардаги 100 га яқин малакали мутахассислар фаолият юритади.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ажратилган 2 миллион 533 минг евро миқдоридаги пул маблағлари эвазига Германия, Голландия, АҚШ ва Хитой каби мамлакатлардан МРТ, МСКТ, рақамли рентген, рақамли УЗИ аппарати ҳамда ангиограф каби тиббий ускуналар сотиб олинган.

Банк томонидан енгил саноат соҳасидаги қатор истиқболли лойиҳалар ҳам молиялаштирилиб келинмоқда.

«Kogon Tex» масъулияти чекланган жамияти ҳам «Ўзмиллийбанк» АЖ билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Мазкур корхонага ажратилган 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги кредит маблағлари эвазига Хитой давлатидан ип-калава ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олинган. Корхона йиллик 3,5 минг тонна ип-калавани қайта ишлаш қувватига эга. «Kogon Tex» корхонасининг экспорт географияси йилдан йилга кенгаймоқда. Россия, Украина, Қозоғистонга маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Бугунги кунда Польша ва Хитой давлатлари билан экспорт шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.