Лавҳадан маълум бўлишича, мажлисда декан ўринбосари талаба қизларга университет ҳудудига ибодат либосида келиш тақиқланишини, бундай кийинган талаба қизларни дарсга киритган ўқитувчиларга ҳам чора кўрилишини билдирган.
«Ўқишга ибодат либосида келиш тақиқланади, бундай кийинганларни дарсга киритган ўқитувчиларга ҳам чора кўрилади. Ташқарида қандай юриш ўзингизнинг ихтиёрингиз, лекин университет ҳудудига кирган вақтда рўмолни орқа тарафга ўраб олишга мажбурсизлар.
Агар университетнинг бу тартиби, қонун-қоидаси сизларга тўғри келмаса, марҳамат қилиб университет билан шартномани бекор қилишингиз ва шунга рухсат берган бошқа ОТМга ўтишингиз мумкин», – деган у.
Ўзбекистондаги энг катта олийгоҳда бўлиб ўтган ушбу мажлис ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозиликларига сабаб бўлди. Кўпчилик бу ҳолатни ички тартиб-қоидалар баҳонасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш дея баҳолади. Шунингдек, олий таълим муассасалари қачонгача илм-фан қолиб, кийиниш ва «форма» каби майда-чуйдалар билан ўралашиб юриши танқид қилинган.
Ушбу видеолавҳа тармоқда тарқалган куннинг ўзида декан ўринбосари Равшан Омонов Facebook саҳифасида ҳолат бўйича изоҳ ёзди.

«Аввало ризқ Аллоҳдан. Бу университет ички тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддаси талаби бўйича кечки таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс талабалари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган, холос. Лекин, ҳеч бир талабага мажбурий равишда бу талабларга бўйсуниш шарти қўйилмаганини маълум қиламан. Қолаверса, ҳеч ким қизларнинг рўмол ўрашига қарши эмас. Мен топшириқ ижрочисиман. Яъни ички тартиб-интизом ва кодексини мен ишлаб чиқмаганман», – дея ёзган у.
Кўп вақт ўтмай бу пост ўчириб ташланган.
Кейинчалик, Равшан Омонов ўша видео бўйича постлардан бири остида бундай топшириқни аслида кимлар беришига шама қилиб кетади, лекин айнан қайси ташкилотлигини очиқламайди.







