«Бештерак» маҳалла фуқаролар йиғинидаги гулчи Йўлдошевлар оиласи ердан унумли фойдаланиш мақсадида яшаш уйининг том қисмида ҳам иссиқхона ташкил қилганини эшитиб қолдик.

Истаган фаслда хонадонга ташриф буюринг, ҳовлида ранг-баранг гуллар очилиб турганига гувоҳ бўласиз.

«Гул етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққати бор», - дейди пешвоз чиққан хонадон фарзанди Мардонбек Мухторов.

Чунки декабр ойида уруғ қадаш ишлари бошланади. Бир-бир ярим ойларда уруғлар униб чиқади. Кейинги иш гул ниҳолларини махсус идишларга қадаб чиқиш билан давом этади. Иккинчи ойга ўтиб эса гуллар очилишни бошлайди. Битта гул узоғи билан уч ойда очилиб, сотувга тайёр бўлади. Гулларни сотиш ишлари эса март ойидан бошланиб, сентябр ойигача давом этади.

Гул парваришлашнинг энг қийин тарафи — гул уруғларини ундириб олишда экан. Бунинг учун боғбондан алоҳида меҳр ва эътибор талаб этилади.

«Уруғлар чиқиб катта бўлганидан кейин ёрдамчи сифатида ишчилар оламиз. 10 нафарча одамни ишлатиб гулларни махсус идишларга оламиз. Ҳозирги кунда тўрт одам ишлатяпмиз. Қиш фаслида 10дан зиёдроқ одамлар ишлайди. Уларни уч ой мавсумий иш билан таъминлаймиз», — дейди М.Мухторов.

Оила ўз шахсий томорқасидаги 5 сотих ер майдонида гул етиштириш учун иссиқхона ташкил этган. Бу ерда 10 турдаги гуллар парвариш қилинади.

Табиий маҳсулот эса ички бозорда жуда харидоргир саналади. Оиланинг йиллик соф даромади 70-80 млн сўмни ташкил этади.

Мардонбек гул парваришлаб ҳам инсон катта ютуқларга эришиши мумкинлигини эътироф этар экан, «миниб юрган машинам ҳам, мана шу уй-жойларни ҳам менга шу гуллар олиб берди, меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмас экан», — дея таъкидлайди.

«Шукр, бировдан кам жойимиз йўқ. Ўзимизга тўқ яшаб келяпмиз. Биласизми, меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмас экан. Масалан, кўпчилик четга чиқиб ишлаб келади. Одам ҳаракат қилса шу ерда ҳам ишлаб, яхшигина даромад топиши мумкин. Бошида биз ҳам икки-уч йилгача қийналганмиз. Керак бўлса, зиён ҳам кўрдик. Ўшанда ҳам меҳнат қилишдан тўхтамадик. Аста-секинлик билан ўргандик, гул етиштиришни йўлга қўйиб олдик», дейди у.