Италия бош вазири Марио Драги Туркия президени Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Европа иттифоқи вакиллари - Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ва Еврокенгаш президенти Шарл Мишел билан музокараларда ўзини номақбул тутишда айблади. Драги фон дер Ляйенга Анқарада ўтган учрашув вақтида ўтириши учун курси берилмаганига шундай изоҳ бериб, Эрдўғанни “диктатор” деб атаган.
Драги Эрдўған номига бундай кескин танқидни 8 апрелдаги матбуот анжумани давомида билдирган.
“Мен Эрдўғаннинг Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга нисбатан муносабатини қўллаб-қувватламайман, уни номақбул деб ҳисоблайман ва Еврокомиссия раҳбари камситилганидан афсусдаман”, деб айтган Италия бош вазири.
Драги воқеа ортида Туркия раҳбарини “диктатор” деб таърифлаган, бироқ у билан ҳамкорлик қилиш кераклигини таъкидлаб ўтган.
“Бироқ ҳамкорлик қилишимиз керак бўлган бундай диктаторлар билан ўз позициянгизни тасдиқлаш учун очиқ, бироқ ўз давлатингиз манфаати йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр бўлишингиз керак. Бунда тўғри балансни топиш лозим”, деб жавоб берган Драги Эрдўған ҳақидаги саволга.
Шундан кейин Италиянинг Туркиядаги элчиси Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.
“Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фарруҳ Қаймоқчи элчига Италия бош вазирининг Европада умумхалқ сайловида энг юқори кўрсаткич билан қўллаб-қувватланган президентимиз номига айтган сўзларини кескин қоралашимизни айтди”, деб маълум қилинган Туркия ташқи ишлар вазирлигида. Вазирлик бундай “қўпол ва хунук” баёнотлар “Туркия ва Италиянинг дўстона ва иттифоқчилик муносабатларига” тўғри келмаслигини ва Италия бош вазиридан ўз сўзларини дарҳол ортга қайтариб олишини кутаётганини таъкидлаб ўтган.
“Италия элчисига протоколларни билмай туриб, Еврокенгаш ва Еврокомиссия раҳбарларининг давлатимизга ташрифи бўйича баёнотлар берилиши номақбул экани етказилди”, деб қўшимча қилинган Туркия ташқи ишлар вазирлигида.
“Биз Италия бош вазири Драгининг бундай популистик сўзларини ва президентимиз номига билдирган куракда турмайдиган изоҳларини кескин қоралаймиз”, деб ёзган ўз навбатида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу твиттерда.
Эрдўғаннинг Европа иттифоқи вакиллари билан учрашуви 7 апрелда Анқарада бўлиб ўтганди. Ўшанда учрашув ташкилотчилари музокаралар иштирокчиларига фақат икки курсини ҳозирлаб қўйишган. Улардан бирини Эрдўған, иккинчисини эса Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишел эгаллаган.

















