16:26 / 09.04.2021
32281

Шаҳзода Филипп 99 ёшида вафот этди

Букингем саройи қиролича Елизавета II’нинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филипп 99 ёшида оламдан ўтгани ҳақида расман эълон қилди.

«Қиролича жаноби олиялари ўзининг суюкли турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп, Эдинбург герцоги вафот этганини маълум қилади. Ҳазрати олийлари бугун тонгда Виндзор саройида сокин жон берди», деб ёзилган баёнотда.

1921 йилда туғилган шаҳзода Филипп 1947 йилдан буён қиролича Елизавета билан яшаб келаётганди. Оила қурилганидан 5 йил ўтиб Елизавета қиролича бўлган. Уларнинг 4 нафар фарзанди, 8 нафар набираси ва 10 нафар эвараси бор.

10 июн куни у 100 ёшга тўлган бўларди. Шаҳзода Филипп турмуш ўртоғининг юбилейидан икки ҳафта олдин жон берди – 21 апрел куни қиролича 95 ёшни қаршилайди.

Қироличанинг турмуш ўртоғи 2017 йилдан оммавий тадбирларда кўриниш бермай қўйганди.

Январ ойида Елизавета II ва турмуш ўртоғи коронавирусга қарши эмланганди. 17 феврал куни шаҳзода ўзини ёмон ҳис қила бошлагач, шифохонага ётқизилганди. Хабарларда бу коронавирус билан боғлиқ эмаслиги айтилганди. Март ойида юрагидаги касаллик туфайли муваффақиятли жарроҳлик амалиётини бошдан кечиргани маълум бўлди. Операциядан кейин уни реабилитация учун қирол Эдуард VII номидаги шифохонага ётқизишди. Шундан кейин март ойи ўрталарида саройга қайтганди.

У 1921 йилда Грециянинг Корфу оролида, Глюксбурглар сулоласи оиласида туғилган. Германия, Шотландия ва Англияда таҳсил олган. Шаҳзода Филипп флотда хизмат қилган ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган.

1947 йилда Вестминстер аббатлигида Филипп ва Елизавета II никоҳ маросими бўлиб ўтган. Шундан кейин у қироллик хонадони аъзоси сифатида турли маросим ва хайрия тадбирларида фаол қатнаша бошлаган, қироличага турли ташрифлар вақтида ҳамроҳлик қилган.

Малика Елизавета ва шаҳзода Филипп никоҳ маросимидан кейин Букингем саройи балконида
Фото: PA News/ТАСС
Елизавета II турмуш ўртоғи ва болалари билан Балморалдаги қароргоҳда. 1955 йил.
Фото: AP/ТАСС
Қироллик жуфтлиги Англия жанубидаги Нью-Ҳейвен шаҳридаги стадионда. 1962 йил.
Фото: PA Images/ТАСС
Қиролича Барбадосда «Британия» яхтаси бортида туриб «Конкорд» лайнерига қўл силкимоқда. 1977 йил.
Фото: PA Images/ТАСС
Елизавета II шаҳзода Филипп билан Шотландиядаги Балморал қалъасида. 1972 йил.
Фото: PA Images/ТАСС
Елизавета Тинч океанидаги Тувалу оролида шаҳзода Филиппни суратга туширмоқда. 1982 йил.
Фото: PA Images/ТАСС
Жуфтлик Лондондаги Университет коллежига ташриф вақтида. 2005 йил.
Фото: PA Images/ТАСС
Британ қироличаси турмуш ўртоғи билан Оттавада Канада кунини нишонлаш маросими вақтида. 2010 йил.
Фото: Reuters
Елизавета II ва шаҳзода Филипп Лондондаги Вестминстер саройида парламент сессиясининг тантанали очилиш маросимидан кейин. 2013 йил.
Фото: Reuters
Елизавета II ва шаҳзода Филипп Лондондаги Авлиё Павел Соборида. 2015 йил.
Фото: epa/vostock-photo
Қиролича Елизавета II ва Эдинбург герцоги Филипп Лондондаги отлиқлар гвардияси парадига ташриф вақтида. 2016 йил.
Фото: Reuters
Қироллик жуфтлиги портрети, 2017 йил ноябрида никоҳнинг 70 йиллигига бағишлаб ишланган
Фото: epa/vostock-photo
Мавзуга оид
Top