Буюк Британияда Елизавета IIнинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги, шаҳзода Филиппни дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Телевидениеда маросим жонли трансляция қилинди. Герцогнинг танаси солинган тобут қироллик хонадонининг Виндзор қалъаси яқинида жойлашган шахсий ибодатхонаси - авлиё Георгий бутхонасига олиб борилди. Дафн маросими вақтида тобут ортидан саройдаги юқори мартабали амалдорлар ҳамда қироллик оиласи аъзолари юриб боришди: герцогнинг фарзандлари шаҳзода Чарльз, Эндрю, Эдвард ва малика Анна, шунингдек, герцогнинг катта набиралари шаҳзода Уильям ва Ҳарри.

Қиролича Bentley State Limousine автомобилида ортдан борди.


Бутхонага тобут Land Rover Defender 130 автомобилида олиб борилди. Герцог шахсан уни дафн маросимлари учун мослаштирганди. Британиядаги Land Rover компанияси Defender 130 автомобилини 2003 йилда ишлаб чиқарган. Ўша йилда герцог уни ўз дафн маросими учун мослаштиришга киришган. У дизайнга сўнгги ўзгартиришни 2019 йилда киритган. Хусусан, герцогнинг илтимосига кўра, автомобиль «армияча» яшил рангга бўялган, унинг кузови очиқ қолдирилган ва тобут ташиш учун махсус таянч ўрнатилган.
Герцог билан видолашув маросимида юзлаб ҳарбий хизматчилар иштирок этишди. Улар орасида шаҳзода Филипп хизмат қилган Буюк Британия қироллик ҳарбий-денгиз флоти вакиллари, шунингдек, Шотландия гвардия полклари ҳамда қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари бор эди.



Қироллик отлиқ артиллерияси маросим вақтида тўплардан ўқ узди. Шаҳзоданинг тобути устига унинг шахсий штандарти (байроғи), қиличи ва флотдаги фуражкаси қўйилди.

















