Ўзбекистон | 16:11 / 10.04.2021
52213
4 дақиқада ўқилади

Бости-бости қилинган жиноят. Саида Мирзиёева Термиз ИИБ ходимлари жазоланишига умид билдирди

Жиноятчининг мансаби ва алоқалари суд қарорларининг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги лозим, деди Сурхондарёда мактаб ўқувчисининг зўрланиши яшириб келинганига муносабат билдирган Саида Мирзиёева.

Республика гендер комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Термиз шаҳар ИИБ мактаб ўқувчиси зўрланганини 14 ойдан буён яшириб келганини қоралаб, айбдорлар қонун олдида жавоб беришига умид билдирди.

«Термизлик вояга етмаган қиз фожиаси, уни зўрлаган кимсанинг жазосиз қолаётгани ҳақидаги хабар жамиятимизнинг кучли ғазабига сабаб бўлди ва мен уларнинг қарашларини бутунлай қувватлайман.

Бу мавзу кўтарилганидан хурсандман, у шу каби жиноятлардан азият чеккан қизларга ўрнак бўлади. Бундай жиноятлар эътиборсиз, жазосиз қолмаслиги керак.

Бир йилдан ортиқ вақт давомида ота-она адолат излаб, норасида қизининг ҳаётини синдирган зўравонни жазолашни талаб қилди.

Жиноятчини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаганидек, Термиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларини ҳам умуман оқлаб бўлмайди. ИИВ бу ҳолат юзасидан суриштирув-тергов ишларини ўтказишига ва Термиз ИИБ ходимлари жиноятни яширганлиги учун қонун олдида жавоб беришига умид қиламан. Менинг фикримча, бундай одамлар соҳада юзага келаётган адолатсизликларнинг асоси ва қўзғатувчисидир.

Жиноятчининг мансаби, ваколати ва алоқалари ҳеч қандай ҳолатда суд органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатли бўлишига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

Қизчанинг ота-онасига сабр, ўзига эса куч тилайман. Бардам бўлинг, виждонини йўқотмаган барча сиз томонда!» – дея ёзди Саида Мирзиёева Telegram-каналида.

Сенатор Фарҳод Боқиев берган маълумотга кўра, бундан 14 ой олдин Термиз шаҳрида 16 ёшли қизнинг номусига тегилган, аммо ўтган вақт давомида ота-онанинг қайта-қайта мурожаатларига қарамай шаҳар ИИО ФМБ айбдорга чора кўришни пайсалга солиб келмоқда.

Қизни зўрлаган йигитнинг дўстлари шаҳар ИИБда ишлаши айтилмоқда. Ҳолат ҳақида хабар тарқалгач, Ички ишлар вазирлиги хизмат текшируви бошлади.

Таъкидлаш керакки, номусга тегиш жинояти ИИБ томонидан ёпиб юборилиши ҳолатлари биринчи марта рўй бермаяпти.

Хусусан, хонанда Жасур Умировнинг бир гуруҳ шахслар билан вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳолати экспертиза хулосалари тасдиқлаб турган бўлишига қарамай, Каттақўрғон туман ИИБ ходимлари томонидан яшириб келинганди.

Ҳодиса ОАВ ва жамоатчилик эътиборига тушгандан сўнг хонанда ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан уларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Каттақўрғондаги жиноят билан деярли бир вақтда Тошкент вилоятида содир этилган 14 ёшли қизнинг номусига тегиш жинояти ҳамон очилмай қолмоқда. Қизнинг ота-онаси 2020 йил сентябр ойида Ўрта Чирчиқ туман ИИБга мурожаат қилганига қарамай, орадан ярим йил ўтганига қарамай жиноятчиларга нисбатан ҳалигача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қува туманида коллежнинг учинчи курсида ўқиётган 19 ёшли қиз ўғирлаб кетилгани ва бир ой давомида уч киши томонидан мунтазам зўрлаб келингани айтилмоқда. ИИБ бу мурожаатни ўрганиб чиқиб, бунда жиноят аломати йўқ дея жиноят иши қўзғатишни рад этган.

Мавзуга оид