Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Миллий антидопинг агентлиги штати кенгайтирилади
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги ва Миллий олимпия қўмитасининг:
- агентлик бошқарув ходимлари чекланган сонини 2 бараварга кўпайтириш;
- 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра агентлик ходимлари лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентларини (1,5 баравар миқдорда) қўллаш;
- агентлик бош директорининг мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва тиббий хизмат кўрсатиш шартларига кўра вазир биринчи ўринбосарига тенглаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Агентликнинг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Бош директорга агентлик тасдиқланган тузилмасига ходимлар белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Агентликка:
а) Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги талабларидан келиб чиқиб бир ой муддатда:
тақиқланган моддалардан фойдаланиш борасида спортчилар ариза ва ҳужжатларини ўрганиб, хулоса чиқариш билан шуғулланадиган Терапевтик истисно бўйича комиссия;
антидопинг қоидалари бузилиши ҳолатларини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Ахлоқ бўйича комиссия;
Терапевтик истисно бўйича комиссия хулосаси ва Ахлоқ бўйича комиссия қароридан норози томон аризасини ўрганиб, қарор чиқариш билан шуғулланадиган Апелляция бўйича комиссия фаолиятларини самарали ташкил қилиш, уларни малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўриш;
б) икки ҳафта муддатда ушбу қарор мазмун-моҳиятини Бутунжаҳон допингга қарши агентлигига етказиш чораларини кўриш топширилди.
Молия вазирлигига:
- агентлик марказий аппарати учун 2та махсус автотранспорт воситасини харид қилиш ва сақлаш учун лимит ажратиш;
- ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан агентлик харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2021 йилги давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратиш ва 2022 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини назарда тутиш топширилди.
Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда агентликни зарур шарт-шароитларга эга бўлган бинога жойлаштириш чораларини кўриш топширилди.