Сўнгги пайтларда тиббиёт соҳасига берилаётган эътиборнинг сабаби нимада? Нима ўзгардики, бу муаммо биринчи даражага чиқиб кетди?

— Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани сир эмас. Давлат раҳбарини ўйлантираётган муаммолардан бири – узоқ ҳудудлардаги аҳоли вакиллари сифатли тиббий хизматдан фойдалана олмаслиги ҳисобланади. Табиийки, улар ё вилоят марказларига, ё пойтахтга келиб даволанишга мажбур бўлишади. Бу қанча оворагарчиликларга сабаб бўлиши маълум. Мавжуд тиббиёт муассасаларининг бугунги кунда аҳоли эҳтиёжларини қондира олмаётганининг сабабларини ўрганиш биз каби масъулларга топшириқ қилиб берилди.

 — Селектор йиғилишларида кўп марта шахсан сизга жойлардаги ҳолат ҳақида гапирилмоқда. Бунда нима назарда тутилган аслида?

— Бугунги кунда асосий тиббиёт соҳасида ишловчи ходимларнинг сони бирламчи қатлам – оилавий шифохоналарга тўғри келади. У ерда қарийб 120 минг ходим ишлайди. Мана шу қатлам қай даражада тўғри ва сифатли ташхис қўя олса, аҳоли саломатлигига зарар кўрсатувчи омилларни бартараф этишга қаратилган ишларни яхши йўлга қўя олса, табиийки аҳолининг соҳанинг иккинчи қатлами бўлмиш кўп тармоқли ва махсус клиникаларга мурожаати камаяди.

Тизимдаги муаммоларни ўрганиш учун тўғридан тўғри шу шифохоналарга бориш ва ўз кўзимиз билан кўриш топшириғи менга юклатилди. Буни ўрганиш учун икки ҳафта давомида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлдик.

Дарҳақиқат, муаммоларимиз кўп. Муаммоларни тизимли равишда ўрганиш керак бўляпти. Туман, шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳар куни 2 соат вақтини ўз ҳудудида яшовчи аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратиши ҳақида топшириқ берилди.

Бу борада қилинган ишларнинг энг биринчиси сифатида аҳоли ўртасида касалликка олиб борувчи омиллар ўрганилди. Уларни 4 гуруҳга бўлиш орқали аввало ўта оғир хавфдаги, яъни саломатлигида жиддий муаммоси бор инсонларни ҳозирнинг ўзида даволашга зарурият мавжуд.

Беморларни аниқлаш билан муаммо тугамайди: уларни даволаш чораларини кўриш лозим. Айниқса, туманлардаги муассасаларда уларни даволайдиган жиҳозлар, етук мутахассислар масаласи анча қийин. Буни гапириш осон, аммо ташкиллаштириш жуда қийин. Шуни ташкиллаштириш учун марказда ўтирган барча масъуллардан пастга тушиш, одамларнинг дардини ўз танасида ҳис қилиб кўриш талаб қилинмоқда.