11:05 / 16.04.2021
12738

Жиззахда хотинини кўришга борган шахсни вилоят перинатал маркази қоровули уриб ногирон қилди

Жиззах шаҳридаги вилоят перинатал марказига хотинини кўргани борган фуқарони шу ерда қоровул бўлиб ишловчи шахс уриб, оғир тан жароҳати етказган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 24 март куни Жиззах вилояти Бахмал тумани «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс Жиззах шаҳридаги вилоят перинатал марказида даволанаётган хотинини кўргани борган. Шу жойда фуқаро марказ қоровули билан жанжаллашиб қолган. Қоровул унинг юз ва кўз қисмига уриб, оғир тан жароҳатлари етказган.

Қайд этилишича, суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига соғлиги бузилишига олиб келган оғир тан жароҳатлари етказилган деб топган. Жабрланувчи вилоят кўз касалликлари шифохонасида муолажа олишига қарамасдан, унинг лат еган кўзини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Таъкидланишича, Жиззах шаҳар ИИБ томонидан муштумзўр қоровулга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Top