Ҳукумат қарори билан Жиззах шаҳрининг бош режасига ўзгартириш киритиш лойиҳаси тасдиқланди.

Қайд этилишича, бош режада Жиззах шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини, табиий-иқлим шароитларини ҳамда келажакда аҳоли сонини инобатга олган ҳолда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган.

Шунингдек, ҳудудларнинг зоналаштирилиши ва уларни қуриш навбати, аҳоли пункти ҳудудини табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар таъсиридан муҳофаза қилиш, муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари, аҳоли пунктининг қурилган ва қурилмаган ҳудудлари нисбати, аҳоли пунктини ривожлантириш учун захира ҳудудлар ва чегаралар ҳамда иқтисодий, саноат ва ҳудудий салоҳияти, аҳолининг кўпайиш суръатини назарда тутувчи лойиҳа ечимлари кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, ҳисоб даври якунига қадар Жиззах шаҳри аҳолиси 191,6 минг нафардан 460 минг нафарга, шаҳар ҳудуди эса 6520 гектардан 12730 гектарга ўзгаради. Шаҳар Шароф Рашидов туманидаги 24та маҳалланинг қўшиб олиниши ҳисобидан кенгаяди.

Уй-жой фонди умумий майдони 3048,88 минг кв.метрдан 9660 минг квадрат метрга етказилади, яъни қарийб қарийб уч бараварга оширилади.

Уй-жой билан таъминланиш даражаси эса бир кишига 15,9 кв.метрдан 21 кв.метрга етади.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги ўринлар сони 11,8 мингтадан 29,4 мингтагача, умумтаълим мактабларидаги ўринлар 34,3 мингтадан 78,2 мингтагача, шифохоналардаги ўринлар сони 2323тадан 11,4 мингтага етказилади.

Ичимлик суви таъминоти, канализация, электр, газ ва иссиқлик таъминоти қувватлари бир неча баробарга оширилади. Бундан ташқари, яшил ҳудудлар майдонини 50 гектардан 460 гектарга етказиш, Сангзор дарёси бўйида дам олиш масканларини ташкил этиш, канал ва коллекторлар атрофини кўкаламзорлаштириш ҳам режалаштирилган.

Аввалроқ Бухоро шаҳрининг бош режаси тасдиқланганди.