07:11 / 19.04.2021
2136

Фирибгарлик ва маблағларни талон-торож қилганлик ҳолатлари аниқланди

Жиззах шаҳар прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Арнасой туман бўлими томонидан фирибгарлик ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти прокуратураси томонидан маълум қилинди.

Жиззах шаҳри Ўратепалик маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.М. фуқаро О.А.нинг ишончига кириб, унга ҳокимиятда ишловчи танишлари орқали кўчмас мулк учун ер олиб беришини айтиб, 2 100 доллар миқдордаги маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Департаментнинг Арнасой туман бўлими томонидан, туман ХТБга қарашли мактабларнинг бирида 78 та ҳолатда мактаб ишчи ходимларига жуда кўп миқдорда моддий рағбатлантириш пуллари ортиқча ҳисобланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади вилоят прокуратураси томонидан берилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шароф Рашидов туманида ҳокимлик захирасидаги майдондан 1 гектар ерни иссиқхона қуриш учун олиб бермоқчи бўлган шахс ушланган эди.

Top