Чехияда бир қатор сиёсатчилар мамлакат президенти Милош Земаннинг 2014 йилда Врбетицедаги ўқ-дори омборида юз берган портлашлар бўйича баёнотидан норозилик билдиришди. Аввалроқ Земан мамлакатнинг контрразведка хизмати тақдим қилган ҳисоботда портлашларга россиялик агентларнинг алоқадорлигини исботловчи маълумотлар йўқлигини маълум қилганди. У тергов натижалари олинмагунча бу борада бирор хулоса чиқаришга шошмасликка чақирганди. 

Земан, шунингдек, воқеанинг икки версияси ўрганилаётганини маълум қилди. Улардан бирига кўра, ҳодисага хорижий махсус хизматлар алоқадор бўлиши мумкин; иккинчисига кўра, ўқ-дорилар билан эҳтиётсиз муомалада бўлиш оқибатида бахтсиз ҳодиса юз берган. 

Чехия сенати раиси Милош Вистрчилнинг таъкидлашича, Земан ҳали якунланмаган тергов маълумотларини ошкор қилган ва бу билан тергов боришини хавф остига қўйган. Унинг айтишича, президент атайлаб баъзи маълумотларни айтмаган. 

«Мен ҳам сенатнинг махфий равишда ўтган мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси йиғилишида иштирок этдим. Президент ҳали давом этаётган тергов маълумотларини тақдим қилди, бу эса Чехия хавфсизлигини таҳдид остига қўяди», деб айтган Вистрчил. 

Сиёсатчи Земан айтганидан айнан нима бундай маълумот эканига аниқлик киритмаган. Унинг таъкидлашича, энди тергов самарали боришига имконият анча камайди. 

Чехия мухолифати ҳам Земаннинг баёнотини танқид остига олди. Ceske Noviny нашрининг ёзишича, STAN ҳаракати етакчиси Ян Фарский Земан ўз нутқи билан Россияга ёлғон хабарлар тарқатиш учун «эшикларни очиб берганини» айтган. 

«Хавфсизлик бўйича қўмита аъзоси сифатида шуни айтишим мумкинки, унда аниқ ахборот йўқ, ёки у атайлаб уни нотўғри тақдим қилмоқда, ёки шунчаки хато қилмоқда. У нима учун ёлғон хабарлар учун эшикларни очиб бераётганини фақатгина тахмин қилиш мумкин», деб айтган Фарский. 

Шунингдек, портлашларда ҳалок бўлган икки кишидан бири — Вратислав Гавранекнинг ўғли Ондржей Гавранек портлашлар бахтсиз ҳодиса туфайли юз берган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни танқид қилди.  

«Очиқ манбалардан аёнки, бу версия, яъни эҳтиётсизлик билан муомалада бўлиш, фикримча, истисно қилиб бўлинди», деб айтган Ондржей Гавранек. 

Таъкидланишича, у Чехия президентига очиқ мактуб билан мурожаат қилиб, унинг отаси ва фожианинг иккинчи қурбони — Людек Петржикнинг лоқайдлиги портлашларга сабаб бўлмаганини билдирмоқчи.