Испания: Зидан Симеонени олдинга қўйиб юбормаяпти

«Эльче» — «Атлетико» — 0:1 (Льоренте, 23)

Пайшанба куни «Барселона» «Гранада»га сенсацион равишда мағлуб бўлгани (1:2) ва бунинг натижасида каталонияликлар турнир жадвалида яққол пешқадамга айланиб олиш имкониятини бой бергани жамоанинг рақобатчиларига илҳом берди. Ниҳоятда асабий кечган ўйин якунида «Атлетико» барибир уч очкога эга бўлди, бу ўйинда жароҳатдан кейин формасини энди тиклаётган Луис Суареснинг ҳеч омади келмади. Уругвайлик ҳужумчи биринчи бўлимда ҳет-трик муаллифи бўлиши ҳам мумкин эди, аммо у дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб, яқин масофадан туриб тўпни дарвозага жойлай олмади, кейин VAR орқали офсайд қайд этилиб, унинг голи бекор қилинди ва яна бир вазиятда арбитр видеотакрорни кўргач, «Эльче» дарвозасига белгиланган пенальтини бекор қилди.

Лекин бу орада Льоренте рикошет орқали гол уриб, «матрасчилар»нинг бу мавсумдаги энг самарали футболчисига айланди - 12 гол ва 10 голли узатма. Бундай ўсиш ушбу яримҳимоячи позициясини ўзгартиргани билан изоҳланади, шанба оқшомида Ла Лигада 360-ўйинини ўтказиб, аргентиналик мураббийлар учун рекорд қайд этган Диего Симеоне уни ажойиб топилмага айлантирди. Мадридликлар дарвозабони Облакнинг хизматларини ҳам эътироф этиш керак, у Испания биринчилигида ўтказган ўйинлари сонини 225тага етказди. «Атлетико» легионерлари орасида бу учинчи кўрсаткич - фақат Годин (277) ва Филипе Луис (240) олдинда.

Бундан ташқари, словениялик дарвозабон — пенальтичилар учун қўрқинчли туш бўлишда давом этмоқда. Бу мавсумда унинг дарвозасига тўрт бор пенальти қўйилиб, унга фақат «Эйбар» дарвозабони Дмитрович гол ура олган, «Эльче»га қарши ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Облакнинг бу борадаги репутацияси Фиделни ҳаяжонлантирди. Шу вақтгача ўйин қаҳрамони бўлиб турган Льорентенинг қўлига тўп теккач, «нуқта»га яқинлашган Чавес Фидель устунни нишонга олди - тўп словакиялик дарвозабоннинг бармоқларига тегиб йўналишини ўзгартирганди. Дарвозабон мадридликлар учун муҳим ғалабани сақлаб қолди.

«Реал» — «Осасуна» — 2:0 (Эдер Милитао, 76. Каземиро, 79)

«Стэмфорд Бриж»га сафар олдидан Зинедин Зидан Кроос ва Модрични захирада қолдирди. Улар йўқлигида майдонда Азар илк дақиқаларданоқ ёрқин ўйин кўрсатди. У ўзи ҳам гол уришга яқин келди, шерикларини ҳам бир неча бор қулай вазиятларга чиқарди. Аммо биринчи бўлимда берилган 13 зарба (бу мадридликлар учун бу мавсумдаги рекорд кўрсаткич) мезбонларга натижа келтирмади.

Ўйиннинг якуний қисми бошланганида, «Реал» чемпионлик пойгасидан чиқиб кетиши ойдинлашиб қолганида, мадридликларни кутилмаган қаҳрамон қутқариб қолди. Ла Лигадаги биринчи голигача ҳам Эдер Милитао «Осасуна» дарвозаси қамалидаги фаол футболчилардан бири бўлиб турганди. У бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб ҳисобни очди. Бир неча дақиқа ўтиб уюштирилган ҳужумда Бензема тўпни олдинга ташлаб берганидан кейин тўп Каземиронинг оёғига теггач, ўйин тақдири ҳал бўлди - бразилиялик яримҳимоячи бу вазиятда тўпга зарба бермаган, фақат уни ўзига ўнглаб олишга уринганди. Аммо бу ҳаракат рақиб дарвозабонини чалғитди ва тўп дарвоза тўрига юмалаб кириб кетди. Бу омадли гол Каземиро учун мавсумни фаолиятидаги энг самарали мавсумга айлантирди (6 гол). Қолаверса, бу унинг Испания чемпионатидаги юбилей — 200-ўййини бўлди. Энди, «Барселона» якшанба куни «Валенсия»га қарши ўйинда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, «Қироллик клуби» иккинчи ўринни ўзида сақлаб қолади.