Ўтган апрель ойида Президентга Андижон шаҳри яқинига қурилиши кўзда тутилган қарийб 4 минг гектарлик, 411 минг аҳолига мўлжалланган «Янги Андижон» турар жой массиви қурилиши бош режаси президентга тақдим қилинди.
Маълумки, Андижон – Ўзбекистонда аҳоли энг зич жойлашган шаҳарлардан. Шаҳарнинг ўзида ривожланиш учун бўш жой йўқ.
Kun.uz ижодий гуруҳи массив қурилиши бошланаётган жойда бўлиб, лойиҳа ҳақида маълумотлар олди.

Андижон тумани адирликлари устига тушаётган умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.
Шаҳарчанинг қурилиш штабида Андижон вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Иброҳимжон Холматов билан суҳбатлашдик.


“Президентимиз ўтган йили Андижонга ташрифи доирасида бизга тавсия бериб кетди. Шу тавсияга биноан Андижон туманидаги Истиқлол массивидан 4 минг гектар ер майдони ажратилиб, лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган. Бизга бу янгилик бўлгани учун давлатимиз раҳбарининг тавсиясига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаб, Туркия лойиҳачилари томонидан бош режа ишлаб чиқилди.
Лойиҳага кўра, бу ерда жуда катта, кенг кўламдаги ишлар, яъни, 5 қаватдан 7 қаватгача бўлган уй-жойларни қуриш, буларга инфраструктура объектлари, ижтимоий соҳа объектлари – мактаб, боғча, поликлиникалар, касалхоналар, ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш вазифаси олдимизда турибди.

Турк лойиҳачилари режасига кўра, 4 минг гектар майдонда қурилиш ишлари 8та босқич бўйича олиб борилади. Биринчи босқичда ишлар 718 гектарда ташкил қилинади. 718 гектардан 42 гектарини танлаб олиб, шу жойда алоҳида уй-жойлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ҳозирги кунда тайёргарлик кўриб, ер ишларини бошлаб юбордик.






















