Янги Андижон массивининг бош режаси апрел ойда президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган эди.
Андижон тумани адирликлари устига тушаётган, умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.


Шаҳарчанинг қурилиш штабида Андижон вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Иброҳимжон Холматов билан суҳбатлашдик.

«Андижон туманидаги Истиқлол массивидан 4 минг гектар ер майдони ажратилиб, лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган. Бундай лойиҳалар биз учун янгилик бўлгани сабаб Вазирлар Маҳкамаси ва Қурилиш вазирлиги билан бирга ишлаяпмиз. Бош режа Туркия лойиҳачилари томонидан ишлаб чиқилди.


Лойиҳага кўра, бу ерда 5-7 қаватли бўлган уй-жойлар, инфраструктура тизимлари, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш вазифаси олдимизда турибди.

Турк лойиҳачилари режасига асосан, 4 минг гектар майдонда қурилиш ишлари 8 та босқич бўйича олиб борилади.
Биринчи босқичда ишлар 718 гектарда ташкил қилинади. 718 гектардан 42 гектарини танлаб олиб, шу жойда алоҳида уй-жойлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ер ишларини бошлаб юбордик.




















