Аргентинада 10Pines дастурий таъминот компанияси ходимларнинг иш ҳақини уларнинг ҳамкасблари томонидан белгиланишига имкон беради.

Шаффоф ва демократик бўлишга интилаётган мазкур компанияда иш ҳақи йилига уч марта ўтказиладиган «иш ҳақини тайинлаш йиғилишлари»да белгиланади. Ушбу йиғилишларда янги ва синов жараёнида бўлган ходимлардан ташқари барча иштирок этади.
Ходимлар (ёки уларга йўл-йўриқ кўрсатувчилар) иш ҳақи қанча ошиши кераклигини айтишади ва уларнинг бу борадаги таклифлари очиқ муҳокама қилинади.
2010 йилда ташкил топган ва 85 нафар ходимга эга 10Pines компанияси пойтахт Буэнос-Айрес шаҳрида фаолият олиб боради.
Ходимлар компания фойдасининг 50 фоизини бўлишишади.
Ходимлардан бири Ариел Уманский 2020 йил декабрда 7 фоизга кўтарилган ойликни олишдан бош тортган. «Ўз қобилиятини мендан кўра яхшироқ намойиш эта олган ҳамкасбларим қаршисида ўзимга нисбатан ишончсизлик туйдим», дейди Уманский бунга изоҳ бераркан.
Уманский сўнгги 5 йил ичида иккинчи марта оширилган ойликни олишдан бош тортган.

«Иерархик бўлмаган компания»
Компания имкон қадар тўғри иерархияга эга бўлишни ва ходимлар учун шаффоф муҳит яратишни мақсад қилган.
3 ойлик синов муддатидан сўнг ишга қабул қилинган ҳар бир янги ходим жамоанинг қолган қисми билан ҳар ой очиқ йиғилишларда қатнашади. Йиғилишда потенциал янги мижозлар, харажатлар, компанияни молиялаштириш ва албатта, иш ҳақи каби бир қатор муҳим масалалар бўйича компания қарорлари қабул қилинади.
Жамоада бош директор ёки менежер йўқ. Бунинг ўрнига «ҳамкасблар» ёки «уста»лар мавжуд.
«Ойликларни ошириш тўғрисида қарор қабул қиладиган хўжайин йўқлиги сабабли биз ҳокимиятни ходимларга берганмиз», дейди 10Pines асосчиларидан бири Хорхе Силва.
Янги ишга қабул қилинган шахслар ўз маошлари тўғрисида маълум даражада келишиб олишлари мумкин. Силванинг айтишича, бу аввалига муаммо бўлиши мумкин. Шу сабабли, янги ишчиларга таклиф қилинадиган иш ҳақи компаниядаги яқин тажрибага эга бўлганлар билан ҳал қилинади.









