Марказда 10та даволаш корпуси бўлиб, 370та ўринга эга. Бу ерда йилига 9 мингдан ортиқ беморга стационар, 43 минг нафарига амбулатор тартибда хизмат кўрсатилмоқда.

Тошкент ва Қўқон шаҳарлари, Қорақалпоғистон ва вилоятларда марказнинг ҳудудий филлиаллари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирида паллиатив ёрдам бўлимлари очилган. Илк бор, барча ҳудудий онкологик муассасалар жами 22 та замонавий нур терапияси ускуналари билан жиҳозланди. Тиббиёт маркази билан барча филиаллар ўртасида телемедицина амалиёти йўлга қўйилган. Сўнгги уч йилда тизимдаги 150 нафар мутахассис нуфузли хорижий клиникаларда давлат ҳисобидан малака оширган.

Беморлар учун энг қийини керакли дориларни топиш ва сотиб олишдир. Шу боис бу борада давлат томонидан ҳам кўмак кўрсатилмоқда. Онкология хизмати учун дори-дармон ва сарфлов воситаларига 2016 йилда 8 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич қарийб 62 миллиард сўмга етган.

Давлат раҳбари марказда даволанаётган болаларга шифо тилаб, ота-оналарига далда берди.

«Бу бир синов. Ана шу синовлардан бардош билан ўтиб, тезроқ соғайиб, уйга қайтсаларингиз, ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Мен болалар, ёшлар ҳақида кўп гапираман, уларга катта умидлар боғлайман. Илоҳим, мана шу болаларнинг ҳам касаллиги эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган фарзандлар бўлиб етишсин. Улуғ айём кунларида Худодан шуни сўраймиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент марказнинг ҳозирги имкониятлари етарли эмаслигини таъкидлаб, Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг бўш турган ҳудудида Республика онкология марказининг янги биноларини барпо этиш бўйича топшириқ берди.