Kun.uz аҳоли мурожаати асосида масалани жойига бориб ўрганди. Маълум бўлишича, уйлар ҳудуддаги фермер хўжалик экин ерларига туташ бўлган майдонда қурилган. Атрофда дренаж зовур йўқлиги боис, ер ости сувлари кўтарилган. Бу ҳолат эса намунали уйларда яшовчилар учун кўплаб муаммоларни юзага келтирмоқда.

«Бу уйларда яшашнинг иложи йўқ. Уйимиз бўла туриб, 800 минг сўмга шаҳарда ижарада турибмиз. Чунки уйимизнинг ичидан сув чиқади. Ҳар ой канализациясидан сув олдирамиз. Бу муаммо бўйича бир неча марта туман ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик. Ҳокимиятдагилар айбни «Қишлоққурилишинвест»га тўнкашади. «Қишлоққурилишинвест»га борсак, улар «ҳокимият қаердан ер берган бўлса, ўша ерга қурганмиз», дейишади.

Ҳеч ким эшитишни истамайди. Фермер ерининг шўрини ювди ёки экинларини суғорди, дегунча уйимиздан сув чиқиб кетади. Бу уйга етиш учун неча йил орзу-ҳавас қилгандик», — дейди фуқаро Зарифа Ражабова.

Маълум бўлишича, одамлар ҳар ойда 70-80 минг сўм тўлаб, канализация қудуқларига йиғилиб қолган сувни торттиришга мажбур бўлмоқда. Қолаверса, юзага чиқаётган шўр уйларнинг сифатига жиддий таъсир қиляпти. Пойдеворлар нураб, деворларнинг фасад қисми тўкилиб бормоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг таъкидлашича, аввалига массив лойиҳасида болалар майдончаси ҳам назарда тутилган. Бу учун алоҳида майдон ҳам ажратилган. Бироқ, негадир кейинчалик болалар майдончаси қурилмаган. Ажратилган майдон эса янтоқзорга айланган.


«Болалар кўчада, йўл устида ўйнашади. Ҳокимликка ўйингоҳ масаласини ҳам кўп бор айтдик. «Ариза билан мурожаат қилинглар», дейишди, аризалар ёздик. Лекин масаламиз ҳал бўлмади. Отангга бор, онангга бор, қабилида муносабат қилишади. Ҳеч қандай натижа йўқ», — дейди Мадина Тошева.
















