Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Маълум қилинишича, Конимех тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув жараёнида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган 2002 йилда туғилган Қозоғистон фуқаросига тегишли целлофан пакетдан 2 килограмм 87 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам наркокурьерлар томонидан қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилиб, хуфия жойга яшириб кетилган. Қозоғистонлик фуқаро эса уни айнан шу ердан олиб кетаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан гиёҳвандлик воситалари муомаласи ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришларини сўради. Идора маълумотига кўра, мурожаат этувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.











