Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 59 ёшли ёлланма ишчи қувурларни таъмирлаш вақтида тупроқ босиб қолиши оқибатида вафот этди.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилишича, бахтсиз ҳодиса 7 август куни Қизилтепа тумани Алишер Навоий маҳалласи ҳудудида ер остидан ўтган эски қувурларни таъмирлаш вақтида рўй берган.

Атрофдагилар унга ёрдам беришга уринган, аммо қуруқ қўл ва белкурак билан бунинг уддасидан чиқа олишмаган.

Марҳумнинг тўрт нафар фарзанди етим қолган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Меҳнат инспекцияси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида иш жойларида 447 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Иш давомида юз берган 113 та бахтсиз ҳодиса ўлим билан якунланган.