Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда мавжуд 30 мингга яқин стандартнинг 19 мингтаси халқаро нормалар билан уйғунлаштирилди ва халқаро стандартлар реестри шакллантирилди.

Эскирган, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган 5 600 та стандарт амалиётдан чиқарилди, 3 500 таси замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Халқаро аналогларга мувофиқ қўшимча 26 та техник регламент ишлаб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 260 та корхонада «Global G.A.P.» ҳамда «Organic» стандартлари асосида сифат тизими жорий этилди ва улар халқаро даражада сертификатлаштирилди.

32 та тўқимачилик корхонаси «Oeko-Tex» стандарти асосида сертификатлаштирилди. 21 та корхона Европа Иттифоқида талаб этиладиган «СЕ» маркировкасини тасдиқловчи сертификат олди.

Синов лабораториялари модернизация қилиниб, чет эллардан келтирилаётган маҳсулотлар сифати ҳам ўрганиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда, эспорт ва импорт жараёнларида стандартлар билан боғлиқ яна кўплаб вазифалар бор. Айрим тартиб-таомиллар тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

Тақдимотда шу масалаларни ҳал этиш, соҳадаги тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Масалан, бугунги кунда 3 400 турдаги маҳсулотга санитария-эпидемиологик хулоса билан бирга мувофиқлик сертификати ҳам талаб этилмоқда.

Давлат раҳбари мутасаддиларга санитария-эпидемиологик хулоса олинадиган маҳсулотлар рўйхатини мақбуллаштириш, қўшимча мувофиқлик сертификати талабини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Импорт маҳсулотлар синови божхона расмийлаштируви жараёнида амалга оширилиб, бунга 60 кунгача вақт кетмоқда. Шу боис, бу борадаги ҳужжатларни камида 30 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Қайд этилишича, Европада фақатгина 28 турдаги хавфи юқори маҳсулот мажбурий сертификатланади, қолган барча турдаги товарлар мувофиқлиги декларациялаш орқали тасдиқланади.