Сессияда шаҳар прокурори тақдимномасига асосан депутатларнинг кўпчилиги овоз бериши эвазига Шуҳратбек Каримов депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган. Йиғилишга келган барча депутатлардан телефон ва овоз ёзиш мосламалари олиб кирилмаслиги талаб қилиниб, Миллий гвардия ходимлари томонидан тинтув ўтказилган.


Мазкур ҳолат юзасидан ваколатли органлар ҳамда депутатлар салбий фикр билдириб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Андижон шаҳар кенгашининг сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтувдан ўтказилганига муносабат билдириб, прокурорнинг бундай ҳаракатини «оқлаб бўлмаслиги»ни, у биринчи навбатда коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахсни ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлади.
Миллий гвардия маълумотларига кўра, Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган.
Мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олинган.
Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказиб, депутат дахлсизлигидан маҳрум бўлган Шуҳратбек Каримов, мазкур мажлисда иштирок этган депутат Жаҳонгир Жиянов, халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши котиби, тинтув ўтказган Миллий гвардия ходимлари ҳамда Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларидан изоҳ олди.
Депутат Жиянов: прокуратуранинг сессия кун тартибига масала киритишга қонуний ваколати йўқ

Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов сессияда куч ишлатар тузилмалар вакиллари иштирок этиши, депутатларнинг сессияга киришдан олдин тинтув қилиниши мутлақо қонунга зид эканини қайд этиб ўтди.
























