09:02 / 30.05.2021
16352

Британия бош вазири яширинча уйланди

29 май куни Лондонда Британия бош вазири Борис Жонсон ва унинг қаллиғи Кэрри Саймондснинг никоҳ маросими бўлиб ўтди.

ОАВнинг хабар беришича, жуфтлик карантин чекловларига амал қилган ҳолда 30га яқин киши гувоҳлигида никоҳдан ўтган. Маросим Вестминстер черковида бўлган ва шу сабабли унга кириш 1,5 соатча ёпиб қўйилган. Маросимга жуфтликнинг фақат энг яқин кишиларигина таклиф қилинган. Эътиборлиси, улар таклифни охирги лаҳзада олишган.

Яна бир қизиқ жиҳати, бош вазир офисида Жонсоннинг тўйи ҳақида ҳеч нарса билмасликлари айтилган.

56 ёшли Жонсон 33 ёшли Саймондс билан 2018 йилдан бери учрашиб юрган. 2020 йил февралда жуфтлик унаштирилганини маълум қилган. Кўп ўтмай улар ўғил фарзандли бўлишган. Болага бош вазирни коронавирусдан даволаган шифокорлар шарафига Уилфред Лори Николас Жонсон деб исм берилган.

Жонсоннинг аввалги турмушидан 2 қиз ва 2 ўғил фарзанди бор. Бундан ташқари, Британия бош вазири никоҳсиз туғилган яна бир қиз фарзандга эга.

Top