Депутатлар янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасига билдирилаётган эътирозларга ўз муносабатини билдирмоқда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов телеграмдаги каналида қонунлар кўриб чиқилиши жараёни ҳақида тушунтириш бериб, биринчи ўқишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилишини айтиб ўтди. Яъни қонун биринчи ўқишда қабул қилингани билан ҳали иккинчи ва учинчи ўқиш ҳам бўлиб ўтади.
Иккинчи ўқишда муҳокама ва овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Яъни қонуннинг айни бир қисми соҳа ривожига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда, ушбу моддани ўзгартириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш имконияти бўлади.
«Биринчи ўқишда қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилади:
- Қонун лойиҳаси концепцияси;
- Конституцияга мувофиқлиги;
- Қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар каби масалалар кўрилади.Иккинчи ўқишда муҳокама ва овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Яъни қонуннинг айни бир қисми соҳа ривожига зарар етказиши мумкин бўлган тақдирда, ушбу моддани ўзгартириш ёки бутунлай чиқариб ташлаш имконияти бўлади», дейилади постда.
«Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам телеграмдаги каналида бу борада изоҳ бериб, биринчи ўқишда қонуннинг моддалари муҳокама қилинмаслигини айтиб ўтди.
Бу қонунга «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ҳам қатор таклифлар тайёрламоқда. Амалдаги таҳрирга бизнинг ҳам эътирозларимиз бор.
Қисқагина тушунтириш...
Қонун уч ўқишда қабул қилинади. Биринчи ўқишда «шу қонун керакми, йўқми» деган савол қўйилади. Қонуннинг моддалари муҳокама қилинмайди.
Кўриб турганингиздек, барча фракциялар соҳада ўзгаришлар керак деб ҳисоблашди. Демак, соҳада ўзгариши керак бўлган масалалар бор.
Биргина мисол, бугун бевосита даромадининг белига тепадиган қонун қабул қилиш хавфи туғилганида парламентни масъулиятли овоз беришга чақираётганлар сайловлар вақтида сайловчиларни масъулият билан овоз беришга эмас, памперс сотиб олишга тарғиб қилишни маъқул кўрган эдилар. Улар қонунни бузмаганлар, ижтимоий тарғибот учун белгиланган ҳажмдан ортиғини, ҳатто бироз арзонроқ ҳам бермадилар, холос. Улар ҳақ эдилар. Муаммо қонунда эканлиги маълум.
















