«Кимгадир яхшилик қиламан, деб ёмонлик қилаётганимни англаб етмаганман»
Одам савдоси билан шуғулланганман. Алдов йўли билан қизларни чет элга чиқарганим учун жазо муддатини ўтаяпман. Кимгадир яхшилик қиламан, деб, аслида, ёмонлик қилаётганимни англаб етмаганман. 6 йил-у 4 ойдан бери шу ердаман. Жазо муддатини ўтаётганимда ўзим учун тўғри хулосалар чиқардим. Ўша пайти ёш бўлганман. Кўп нарсаларга ақлим етмаган, қилаётган ишим хатолигини билмаганман.
«Болаларимни эркаласам, биз катта бўлиб қолдик, дейишади»
Колонияда бўлган давримда жуда кўп йўқотишларга дуч келдим. Чунки бирин-кетин акаларим оламдан ўтди. Оилада фарзандларим она меҳрини кўрмай катта бўляпти. Назаримда, фарзандларим ҳали ёш. Қамалган вақтимда уларнинг болалиги ҳалиям кўз ўнгимда қолган. Қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга келишади. Улар менсиз улғайишмоқда. Уларни эркаласам, ойижон, биз катта бўлиб қолдик, дейишади.
Фарзандларимнинг ойижон, қачон олдимизга қайтасиз, деб сўрашлари мени ҳақиқатан қийнайди. Бу ерда мени фақат соғинч азоби қийнайди. Йиллар давомида оилам, қариндошларим қадрига етдим. Уларсиз ҳаётда яшаш жуда қийин экан. Онам, яқинларим, фарзандларим учун курашишга, улар учун яшашга интиламан.

«Қандай яшаш танлови фақат ўз қўлимизда»
Ҳар бир инсон қандайдир хато қилса, фақат ўзи сабабчи бўлади. Биз тақдиримиз шу экан, деб қўямиз. Йўқ, ундай эмас. Аллоҳ ёзган, буюрган бўлиши мумкин, лекин инсон барибир ўз тақдирини ўзи бошқарар экан. Мана шу хатоларга йўл қўйиб колонияга келишимга, тўрт девор орасида ўтиришимга ўзим айбдорман.
«Борига шукр қилмадим»
Онам, турмуш ўртоғим айтганларига кўнмадим. Борига шукр қилмадим. Турмуш ўртоғим топганига сабр қилмадим. Кимдандир кўпроқ егим-ичгим, кийгим келди. Ўша пайтлари жуда катта хатоларга йўл қўйганман. Мана шу қилганларим жабрини шунча йилдан бери тортиб келяпман.

Бозорда савдо қилардим. Туркияга бориб товар олиб келардик. Ўша ерда бир ўзбек аёл билан танишганман. У Туркия фуқаролигини олган эди. Асли самарқандлик аёл. Туркияга борсам, ўша аёлнинг уйига борардим, ўша ердан бозорга бориб, товарлар олиб келардим. Шундай қилиб таниш бўлиб кетгандим. 1,5 йилча вақт ўтгачгина у қизларни уйида сақлашини билганман. Чунки мен қизлар турадиган уйга эмас, ўзи яшайдиган уйига борганман. У мени қизлар турадиган жойга олиб боргандан кейин қилаётган иши ҳақида айтиб берди ва мени ҳам шу ишга таклиф қилди.



















