Ўтган йилги тарих фанидан аттестация имтиҳонида тушган бир савол ўқитувчилар орасида катта норозилик келтириб чиқарганди. Педагоглар вазирлик тўғри жавобни хато деб белгилагани учун судга мурожаат қилган, лекин ютқазишганди. Энди эса вазирлик хатоликни тан олиб, тўғри жавобни белгилаганларга балл қўшиб берилишини маълум қилди.

Ўзи нима гап?

Ҳар йили ўқитувчилар малака тоифасини олиш учун аттестация имтиҳонларидан ўтишади. Имтиҳонлар 2 та босқичда: спецификация бўйича фандан 40 та саволли тест ва педагогик маҳоратини аниқлаш учун 10 та топшириқ кўринишида ўтади.

2025 йил апрел-май ойларида тарих фанидан ўтган аттестациянинг биринчи босқичи, яъни тестда тушган бир савол кўплаб ўқитувчиларнинг эътирозларини келтириб чиқарди. Унга кўра, тестда 32-савол бўлиб келган “Юстиниан вафотидан кейин Византиядан Испанияни тортиб олган қабила номини белгиланг” саволида келган тўғри жавоб хато сифатида кўрсатилган. 

Маълумотларга кўра, тест тузувчи Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази саволга тўғри жавоб сифатида “лангобардлар” вариантини олган, аммо аксарият ўқитувчилар “вестготлар” жавоби тўғри эканини, шу сабаб айни вариант белгиланганини айтиб, шикоят қилган.

Бу саволда камида 100 дан ортиқ ўқитувчи “вестготлар” жавобини белгилаган. Имтиҳондан кейинги аудиочатда 100+ киши айнан шу жавобни танлаганини изоҳларда ёзган, шахсийга ёзган. Бир сўровнома ўтказганимда эса 1000 дан ортиқ одам “вестготлар”ни белгилаганини билдирган”, - дейди Kun.uz билан суҳбатда бўлган тарих фани ўқитувчиларидан бири.

Бироқ марказдан ижобий жавоб бўлмаган. Шу сабаб кўплаб педагоглар номидан 4 нафар тарих фани ўқитувчиси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги устидан судга даъво аризаси киритиб, бир қанча инстанцияларда ютқазишган.

Марказ хулосаси

Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказининг ўқитувчиларга тақдим қилган хулосасига кўра, мазкур савол 2025 йил баҳорда ўтказилган ўқитувчиларни малака тоифа аттестациясида (берилган спецификация асосида) тушган савол бўлиб, 2022 йилда нашрдан чиққан 7-синф жаҳон тарихи дарслигидан тузилган.