Минимал истеъмол харажатлари – моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолининг мақсадли гуруҳини аниқлаш мезони.
Бу орқали камбағаллик чегараси белгиланади. Моддий имконияти шу чегарага етмаган ёки ундан паст уй хўжаликларига давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак берилади.

Ўрганишлар натижасида Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 440 минг сўмни ташкил этиши маълум қилинди.
Бунда масалан, 5 кишидан иборат оиланинг бир ойлик харажатлари 2 млн 200 минг сўмга тўғри келади. Яъни ўша оиланинг ойлик истеъмол харажатлари мана шу маблағдан кам бўлса, уни 2 млн 200 минг сўм миқдорига етказиш давлат эътиборидаги масалага айланади.
Расмийларга кўра, кам даромадли хонадонларда киши бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат 2200 килокалория бўлиши керак. Бунинг минимал миқдори эса жон бошига ойига 295 минг сўмдан тўғри келади.

Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасига асосан, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Шу асосда ҳозир айрим фуқароларга ижтимоий нафақалар ёки пенсия миқдори 440 минг сўмдан кам тўланаётган бўлса, эндиликда улар шу миқдорга етказилиши кутилмоқда.
Минимал истеъмол харажатлари қандай ҳисобланади?
Бугунги кунда минимал истеъмол харажатлари қийматидан Аргентина, Арманистон, Вьетнам, Грузия, Молдова, Мўғулистон, Малайзия, Покистон, Тожикистон, Хитой ва Қирғизистонда фойдаланиб келинмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига кўра, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш бир нечта босқичларда амалга оширилади.
Дастлаб, кам даромали уй хўжаликлари ўртасида минимал истеъмол харажатлари қанча миқдордалиги тўғрисида сўров ўтказилади, аҳоли жон бошига жами истеъмол харажатлари ўртача республика нархларида аниқланади. Сўнгра бир киши истеъмол қилган 1 ккал нархи аниқланади ва уй хўжаликлари 10 фоизлик гуруҳларга (децил) ажратилади.














