Қолаверса, миллий менталитет, маънавият, миллат руҳияти ва маданияти каби жиҳатларнинг демократик қадриятларни ўзлаштириш учун тўла тайёр эмаслиги ҳам ўтиш даври ислоҳотларига салбий таъсир этмоқда.

Хўш, жамиятимизнинг бу муаммолари ечилиши учун у қандай тизимлаштирилиши, касалликларни даволаш дастлаб қайси соҳалардан бошланиши керак?

Kun.uz таниқли журналист, ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад билан айни шу мавзуда суҳбат уюштирди.

— Хуршид ака, шахсан сиз ўзбек жамиятининг бугунги долзарб муаммоларини нималарда кўрасиз?

— Ҳар қандай жамиятда кечаётган жараён, воқеа-ҳодисаларни кузатиш, идрок қилиш ва уни ҳазм қилиш инсондан катта ақлий меҳнат талаб қилади.

Хўш, 34 млн аҳолиси бор Ўзбекистон аталмиш юрт бугун қаёққа кетяпти? Биз бу саволни ўртага ташлар эканмиз, кечаги кунимизни ҳам ёдга оламиз. Ўртадаги бугун ҳақида гапириш учун кеча ва эртанги кун ҳақида ҳам албатта гапириш керак.

Мен Қуръони Каримда келган бир оятни кўп такрорлайман: «Қаён кетмоқдасизлар?!» – дейди Аллоҳ. Худдики мен шу саволни кўп ўйлаганим учун ҳам бугун сиз менга шу саволни бераётгандексиз.

Муқаддас ояти каримадаги шу саволни мен ҳар бир таниш ва нотаниш кишига бергим келади. Ўйлаб кўринглар, қаёққа кетяпмиз? Худо умр берди, инсонмиз, яшаяпмиз, оила қурдик, бола-чақа, касб орттирдик. Хўш, буёғи нима бўлади?

Ҳар бир инсонга берилган шу савол жамиятга ҳам берилади. Давлатга, ҳукуматга ва президентга ҳам албатта берилади.

Ҳозир кўз ўнгимиздан ўтаётган манзаралар 2016 йилдан бошланди. Аниқроқ айтганда, Ўзбекистонда президент ўзгариши натижасида бошланди.

Сиз муаммолар ичида қолиб кетгандекмиз, деяпсиз. Йўқ, биз аввал ҳам муаммолар ичида яшаётгандик. Сиз айтгандек, юзлаб, минглаб муаммолар энди қалқиб чиқди. Аниқроғи, давлат раҳбари шу муаммоларнинг эл-юрт назарига қалқиб чиқишига йўл қўйиб берди.

2016 йилда ҳам давлат сифатида мустақилликка эришганимизга салкам 30 йил бўлаётганди. Ҳозир ўтган даврни тўла тафтиш қилиш ниятим йўқ, лекин у даврда муаммоларни халқ ва жаҳон жамоатчилиги назаридан беркитишга ҳаракат қилардик. Гўё бизда муаммо йўқ, ҳамма ёқ гуллаб яшнаяпти, деган тушунча билан яшардик. Ахборот йўқ эди. Онг қачон шаклланади, қачон жадал ишлайди, қачонки ахборот бўлса. Холис ахборот кўпайганда инсон фикрлайди.