Коронавирус пандемияси буткул чекингани билан боғлиқ умидлар, афсуски, оқланмади. Касаллик тарқалиши тобора ошаётган бугунги кунларда ишончли ҳимоя воситаларига бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кўпайди. CleanBox лойиҳасининг маҳсулоти эса шундай кунларда жуда асқатади.

CleanBox лойиҳаси 2018 йилнинг июль ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги ёрдамида Lotus Engineering етакчи нанотехнологик стартап компанияси мутахассислари томонидан яратилган. Ёш ва қобилиятли муҳандисларнинг илғор ғоялари асосида яратилган маҳсулотдан 2020 йилнинг бошидан буён 35 минг долларлик сотув ҳажмига эришилди.

CleanBox қатор халқаро лойиҳалар ғолиби ҳисобланади ҳамда Сколково инновацион марказида юқори баҳоланган. Энг муҳими, мазкур лойиҳа инсон саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдек ғояни илгари суради.

Қурилманинг ижтимоий аҳамияти ҳақида сўз борганда биргина мисолни келтириш мумкин. Маълумки, мактабгача таълим муассасаларида белгиланган регламент бўйича болалар ўйнайдиган ўйинчоқлар кунига икки марта ювилиши керак. Тозалашлардан бирида албатта хлор аралашмасидан фойдаланилиши зарур ва бу кейинчалик болажонларнинг нозик терисига салбий таъсир қилиши мумкин. CleanBox мана шу муаммони ҳам осон, ҳам арзон бартараф этади. Болалар бевосита ушлайдиган ўйинчоқ ва бошқа жиҳозлар тезлик билан зарарсизлантириб олинади.

CleanBox – уй жиҳозлари, болалар ўйинчоқлари, ҳужжатлар, пуллар, телефон, озиқ-овқат ва бундан ташқари кундалик фойдаланиладиган бошқа нарсалардан нохуш ҳидни бартараф этувчи ва 99,9 фоизгача микробларни ўлдирувчи қурилмадир.

Бу қурилманинг иш принципи ёруғликда фаоллашувчи нанокаталитик фильтрга асосланган ва у микроб ва бактерияларни зарарсизлантиришда юқори самара беради. Афзалликлари орасида кундалик фойдаланишда касалликлар тарқалишининг олдини олиш муҳим ўрин эгаллайди.

CleanBox афзалликлари ҳақида гап кетганда унинг ультрабинафша нурлар ёки ионизатордан фойдаланмаслиги эътиборга молик. Сабаби бундай модда ва воситаларнинг инсон саломатлиги учун зарарлари талайгина.