Жамият | 08:28 / 09.06.2021
1837
1 дақиқада ўқилади

Машинани жарима майдонидан олиб чиқиб беришини айтиб пул талаб қилган эркак қўлга тушди

Қўқон шаҳрида фуқаронинг машинасини жарима майдонидан чиқаришини айтиб, пул талаб қилган эркак ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар қилмоқда. 

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Ички ишлар бошқармасининг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Д.А. исмли эркак И.нинг автомашинасини (транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани учун жарима майдончасида сақланаётган) 600 доллар эвазига йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ишловчи танишлари орқали чиқариб беришини айтгани аниқланган.

Шунингдек, у иш бўйича расмийлаштирилган баённомани йўқ қилдириб беришни ваъда қилиб, 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Аввалроқ, Автомактаб ўқитувчиси фуқарони ИИБда ишловчи таниши орқали имтиҳонлардан ўтказиб қўйишни ваъда қилиб пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид