Қўқон шаҳрида 17 ёшли Хуршид Ҳайдаровни поезд уриб кетди. Суриштирув органи ўсмир ўз жонига қасд қилган, деган хулоса томон кетаётганди. Аммо орадан бир ой ўтиб, марҳумнинг онаси туш кўра бошлайди. Унда марҳум ўғли ўз жонига қасд қилмаганини, аксинча, ўлдириб, кейин поезд йўлига ташлаб кетишганини айтади. Шу туш сабаб кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноят фош бўлди. Айбдорлар бор, иш судга чиққан, бироқ она жиноятга алоқадор айрим шахслар “сувдан қуруқ чиқиб кетиш”га уринаётганини айтмоқда.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳолат содир бўлди: орган ходимлари поезд уриб кетган 17 ёшли йигитни ўз жонига қасд қилган, дея хулосага келган бир пайтда онанинг тушлари ортидан бу аслида қотиллик экани ойдинлашди. Айни пайтда жиноят иши судга чиққан. Аммо иш суд ажрими билан терговга қайтарилган. Марҳум Хуршид Ҳайдаровнинг онаси айрим айбдорлар гумонланувчидан гувоҳга айланиб қолганини айтмоқда.

Жиноят иши ҳали суд жараёнида. Шу сабабли кимнидир қотилликда айблашдан чекинган ҳолда иш ҳолатини тергов материаллари ҳамда жабрланувчи ва гувоҳларнинг интервюлари орқали борича эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Ганжиравонни қўрқитган сигнал

2025 йил 20 июн. Соат 00:07. Қўқоннинг Кичик Ганжиравон маҳалласи. “Қўқон–Поп” йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди кутилмаганда тўхтовсиз ва қўрқинчли сигнал берди. Ҳар куни ўтиб-қайтувчи поездлар одатда ушбу ҳудудда бу каби сигнал бермасди. Бироқ бу сафар у нафақат сигнал чалди, ҳаракатсиз қотган темир ғилдираклари релс устида шовқинли сирғалиб тўхтади ҳам.

Пастга тушиб келган машинист релслар орасидаги жонсиз тана ҳамда сал нарида ётган одам бошини кўриб, даҳшатдан бир лаҳза жойида қотиб қолди. Сўнгра бўлган воқеа ҳақида ИИБга хабар берди.

Тергов ҳужжатларига кўра, гувоҳ сифатида сўроқ қилинган машинист шундай кўрсатма берган:

2020 йилдан буён Қўқон локомотив депосида электровоз машинисти бўлиб ишлаб келаман. Мен ва ёрдамчи машинист 2025 йил 20 июн куни соат 23:00 ларда ўзимизга бириктирилган электровоз билан юк поездини қабул қилиб олдик. Ушбу поездни Наманган станциясига олиб боришимиз керак эди. Поезд таркибида жами 63 та ҳар хил турдаги вагонлар мавжуд эди.

Шу куни Қўқон станцияси навбатчисининг кўрсатмасига асосан соат 23:52 ларда “Қўқон–Бувайда–Наманган” йўналишида ҳаракатни бошладик. Ҳаракатланиб кетаётган вақтимизда соат 00:06 ларда тахминан 200-250 метр узоқликда темирйўл излари орасида шарпа кўринди. Тун қоронғи бўлгани учун дастлаб уни аниқ кўриш имкони бўлмади. Мен бир марта қаттиқ сигнал чалдим, лекин ушбу шарпа жойидан қимирламади. Шундан кейин поезд нури ушбу шарпага тушганида унинг одам эканини билиб, дарҳол шошилинч тормоз бердим ва поездни тўхтатиш чораларини кўрдим.