Спорт | 17:43 / 14.06.2021
14414
13 дақиқада ўқилади

Евро-2020: Амстердамда Евронинг энг яхши ўйини, Англияда қийин ғалаба

Нидерландия ва Украина баҳсида ақл бовар қилмас сюжет кузатилди.

Европа чемпионати. C гуруҳи
Нидерландия — Украина — 3:2
(0:0)
Голлар: Вейналдум, 52 (1:0). Вегҳорст, 59 (2:0). Ярмоленко, 75 (2:1). Яремчук, 79 (2:2). Дюмфрис, 85 (3:2).
Нидерландия: Стекеленбург, Дюмфрис, де Фрай, Блинд (Аке, 64), Тимбер (Фелтман, 88), ван Анҳолт (Вейндал, 64), де Рон, Вейналдум, Ф.де Йонг, Вегҳорст (Л.де Йонг, 88), Депай (Мален, 90+1).
Украина: Бушчан, Караваев, Матвиенко, Забарний, Миколенко, Ярмоленко, Зинченко, Малиновский, Сидорчук, Зубков (Марлос, 13. Шапаренко, 64), Яремчук.
Огоҳлантиришлар: Сидорчук, 90+3.
Ҳакамлар: Брих. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Дингерт (иккиси — Германия), Беттс, Аттуэлл (иккиси — Англия).
13 июнь. Амстердам. «Йоҳан Кройф Арена» стадиони.

Украина терма жамоаси формаси атрофидаги гаплар футболни иккинчи планга олиб чиқиб қўяй деганди. Аммо мухлислар майдонда Европа чемпионатининг ҳозирча энг яхши ўйинига гувоҳ бўлишди.

Украина термасига Европа чемпионати стартига қадар ҳам жиддий ёндашишаётганди. Бу жамоа саралаш турнирида ажойиб иштирок этди, Андрей Шевченко ва унинг штаби ўз даражасини намойиш этди, жамоа таркиби эса Европада танилиб улгурган футболчиларга тўла.

Ярмоленко («Вест Ҳэм»), Малиновский («Аталанта»), Яремчук («Гент»), Зинченко («Манчестер Сити»), Зубков («Ференцварош») — украинлар легиони деярли тўлиқ таркибда Амстердамда Нидерландияга қарши ўйинда майдонга чиқди. Биринчи бўлимдаёқ сариқ-кўклар уларни бежиз С гуруҳи фаворитлари қаторида санашмаётганини исботлашди.

Украина очиқ, шу билан бирга хотиржам ўйин намойиш этди. Нидерландия ўз майдонидаги ўйинда тўпга эгалик қилиб, кўпроқ вазиятлар яратган бўлса-да, меҳмонлар ҳам ҳимояга ўтириб олмади ва ҳатто катта куч билан олдинга чиқишди. Нафақат қанотлар орқали, балки марказдан ҳам ҳужумлар уюштирилди. Украинларда майдон марказида ҳам устунлик кузатилди: Малиновский, Зинченко ва Сидорчук қарши ҳужумларда рақибни пойлашди, аммо Нидерландиянинг тиғиз ҳимояси зарбалар йўлига тўсиқ бўлди.

Шиддатли ва ҳужумкор ўйин учун украинларни мақташ мумкин, аммо ҳужумга кўпроқ эътибор қаратилганда ҳимояда муаммолар юзага келади. Украина ҳимоячилари эса жуда олдинда жойлашишганди ва илк дақиқаларданоқ бундан Депай фойдаланиши мумкин эди: украинлар ҳужумда тўп йўқотишганида у рақибнинг тўрт футболчисидан қочиб кетди ва тўпни олдинга олиб бориб, дарвозага зарба беришга ҳам улгурди, аммо бу вазиятда Бушчан жамоасини қутқарди.

Киевнинг «Динамо» клуби дарвозабони биринчи бўлим охирига қадар ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлиб турди. Умуман, Украина термасини дарвозада Пятовсиз тасаввур қилиш қийин (дарвоқе, у турнирга олиб келинган ва бу ўйинга заявка ҳам қилинганди), аммо миллий жамоада 2020 йилда дебют қилган Бушчан ҳам ишончли ўйин кўрсатмоқда - у биринчи бўлимда аъло даражадаги ўйин намойиш этди.

Украина ҳужумкор 4-3-3 схемасида, бир номинал таянч яримҳимоячиси билан ўйнади, Нидерландия футболчилари эса Депайга эркин ижодкор ролини берилган ҳолда 3-5-2 схемасида жойлашди. Қизиқ томони, бу жамоалар март ойида ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги ўйинларда якшанба кунги рақиблари схемасида ҳаракатланишганди. 

Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса-да, танаффусдан кейин украинлар олти дақиқа ичида икки гол ўтказиб юборишди. Дастлаб Вейналдум дарвозабондан қайтган тўпни тўрга жойлади ва голини жароҳат туфайли турнирда қатнаша олмаётган Виржийл ван Дейкка бағишлади.

Иккинчи голни форвард Вут Вегҳорст урди - у голини FIFA симуляторидаги каби нишонлади. Бу унинг йирик турнирлардаги биринчи, терма жамоадаги иккинчи голидир.

Бу голлар нидерландларнинг ғалабасини кафолатлагандек эди. Аммо Шевченко вазиятни ўнглай олди.

Украинага биринчи бўлим бошида жароҳатланган Зубков ўрнига туширилган Марлос Шапаренкога алмаштирилгани ёрдам берди — шу тариқа, Шевченко майдон марказидаги футболчилар сонини оширди ва нидерландлар марказий ҳудудда устунлик қила олмай қолди. Аммо Ярмоленконинг ақл бовар қилмас зарбаси дарвоза «тўққизлиги»га аниқ бормаганида тактика ҳақида ҳеч ким эслаб ўтирмасди.

Бу зарба Украинада муваффақиятга ишонч пайдо қилди. Кўп ўтмай жамоа ҳисобни тенглаштирди — Малиновскийнинг стандарт вазиятдан узатган тўпини Яремчук боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Бу вазиятда тажрибали Мартин Стекеленберг тўпга сакрашга ҳам улгурмади.

Аммо украинлар натижани сақлаб қола олишмади. Қийин бўлмаган вазиятда гол ўтказиб юборилди - ҳимоячи Натан Аке қанотдан берган узатмани жарима майдони марказида турган бошқа бир ҳимоячи Дензел Дюмфрис боши билан дарвозага йўллади, Бушчан қутқара олмади. Дюмфрис аввалги икки голда ҳам иштирок этганди.

Украина 2:3 ҳисобида ютқазди, аммо ўз ўйини билан барчада яхши таассурот қолдирди. Агар иккинчи бўлим бошидаги 15 дақиқани чиқариб ташласак, Шевченко жамоаси жуда кучли ўйин ўтказган ва камида дурангга лойиқ эди, дейиш мумкин. Шу билан бирга, гуруҳдаги энг кучли рақиб билан ўйин ортда қолди, украинлар Австрия ва Шимолий Македонияга қарши ўйинларда керакли очколарни жамғариши мумкин.

Бухарестда Евро ўйинининг бир бўлими такрорларсиз узатилди

Евро-2020. С гуруҳи
Австрия — Македония — 3:1
(1:1)
Голлар: Лайнер, 18 (1:0). Пандев, 28 (1:1). Грегорич, 78 (2:1). Арнаутович, 89 (3:1).
Австрия: Бахманн, Драгович (Линхарт, 46), Ульмер, Алаба, Хинтереггер, Лайнер (Баумгартлингер, 90+3), Забитцер, Лаймер, К.Шлагер (Ильзанкер, 90+4), Баумгартнер (Арнаутович, 58), Калайджич (Грегорич, 58).
Македония: Димитриевски, С.Ристовски, Алиоски, Велковски, Муслиу (М.Ристовски, 87), Адеми, Барди (Тричковски, 82), Николов (Бейтулаи, 63), Эльмас, Пандев, Трайковски (Костадинов, 63).
Огоҳлантиришлар: Трайковски, 42. Алиоски, 53. Лайнер, 85.
Ҳакамлар: Экберг. Жулум, Ҳаллберг (барчаси — Швеция).
ВАР: Данкерт (Германия). Пажес (Франция), Кавана (Англия), Бризар (Франция).
13 июнь. Бухарест. «Миллий» стадион.

Гуруҳдаги иккинчи учрашувда 37 ёшли Пандев македонияликлар учун тарихий голни урган бўлса-да, бу гол Австрия ғалабасига халал бера олмади.

Австриянинг Шимолий Македонияга қарши Бухарестда кечган ўйини деярли бир бўлим давомида бирорта такрорсиз узатилди. Руминия пойтахтидагилар фақат 41-дақиқага келиб ўйиннинг эътиборга сазовор эпизодларини такроран узата бошлашди.

Шу туфайли бу вақтгача бўлган голларни томошабинлар такроран кўра олишмасди. Ўйиннинг 18-дақиқасида Австрия ҳимоячиси Штефан Лайнер ҳисобни очганди. Забитцернинг диагонал узатмасидан кейин Лайнер бир ҳаракат билан рақиб дарвозаси узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.

Ўйинда ҳисоб македонларнинг кекса футболчиси Горан Пандев томонидан тенглаштирилди. Афсонавий футболчи Шимолий Македониянинг халқаро турнирлардаги илк голи муаллифига айланди. Австрияликлар ҳимояланишда хатога йўл қўйганда дарвозабон ҳам тўпни қўлдан чиқариб юборди ва Пандев бўш дарвозага тўпни юмалатиб юборди.

Горан 37 ёшда, у терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар, бундан ташқари жамоа учун кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи. У 20 йил муқаддам терма жамоада дебют қилган, ҳозирда ўзи 2010 йилда очган мактаб тарбияланувчиси билан бирга тўп сурмоқда.

Иккинчи бўлимда Руминия ўйиндаги барча вазиятлар такрори билан тўлақонли трансляция амалга ошира бошлади. Иккинчи бўлимнинг сўнгги 15 дақиқалигида австрияликлар икки гол уриб, ғалабани илиб кетишди ва турнир жадвалида пешқадамга айланишди.

Англия Хорватияга қарши жуда кучсиз ўйин кўрсатди, аммо ғалаба қозонди. Евро фаворитлари орасида инглизлар ҳозирча энг кучсизи

Евро-2020. D гуруҳи
Англия — Хорватия — 1:0
(0:0)
Гол: Стерлинг, 57.
Англия: Пикфорд, Уокер, Мингс, Стоунс, Триппьер, Стерлинг (Калверт-Льюин, 90+2), Райс, Филлипс, Маунт, Фоден (Рэшфорд, 71), Кейн (Беллингем, 82).
Хорватия: Ливакович, Врсалько, Чалета-Цар, Вида, Гвардиол, Крамарич (Брекало, 70), Ковачич (Пашалич, 85), Модрич, Брозович (Влашич, 70), Перишич, Ребич (Петкович, 78).
Огоҳлантиришлар: Чалета-Цар, 42. Ковачич, 49. Фоден, 64. Брозович, 66.
Ҳакамлар: Орсато. Жаллатини, Прети (барчаси — Италия).
ВАР: Иррати. Мели (иккиси — Италия), Пиньейру (Португалия), Валери (Италия).
13 июнь. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

Англиянинг Хорватияга қарши ўйинлари — классикага айланган. Барчаси 2007 йилнинг ноябридаги ёмғирли кечада бошланган, хорватлар сафарда натижаси ўзи учун аҳамиятсиз ўйинда 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, саралаш босқичидан ўзи билан Россияни олиб чиққан. Кейин Фабио Капелло назокат билан қасос олган: ЖЧ-2010 саралашида инглизлар икки ўйинда ҳам хорватларни енгиб, гуруҳда биринчи бўлишган, сўнгги турда эса Украинага ютқазиб (0:1) хорватларни ҳатто плей-офф ўйинларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилишган. 2018 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида эса Марио Манжукичнинг овертаймдаги голи ўйин тақдирини ҳал қилган.

Аммо биринчи бўлим классикага тортмади, Англиядан бу сафарги Европа чемпионатида жуда кўп нарса кутишмоқда, британлар деярли барча фаворитлар рўйхатларида Франция ва Бельгиядан кейин тилга олинган, аммо биринчи тур ўйинини ўтказиб бўлган «Қизил иблислар» ёки Италия жамоалари фонида Гарет Саутгейт шогирдлари ўйини жуда рангсиз кўринди. Хорватия — Россия ёки Туркия эмас ва дастлабки 10—15 дақиқалик асабийликдан кейин жиддий қаршилик кўрсата бошлади, аммо уларнинг ўйини ҳам жуда зўр эмасди. Барибир 2018 йилги жаҳон чемпионатидан бери болқонликлар кексайишди, қолаверса, кийим алмаштириш хонасида муҳит яхши эмаслиги ҳақида миш-мишлар юрибди, айтишларича, ёшлар анъаналарни ва фахрий футболчиларни ҳурмат қилмаяпти ва терма жамоа учун борини бериб ўйнамаяпти.

Лекин шу ҳолатида ҳам Хорватия ўйиннинг бир соати мобайнида инглизлар ҳужум чизиғини осонлик билан зарарсизлантириб турди. Саутгейт истеъдодли мураббийлардан саналса-да, у шундай кучли таркибни муносиб ўйната олмаяпти. Соч турмагини кўчирган бўлса-да, Фил Фодендан ҳозирча янги Пол Гаскойн чиқмади. Раҳим Стерлингни вазиятдан фойдаланиб, ғалаба келтиргани учун мақташ мумкин — у ҳамиша ҳам биринчи имкониятдаёқ гол уравермайди. 

Ҳарри Кейн — сардор, етакчи ва ақлли футболчи, аммо унинг одатдаги ўйинлари бундан анча ёрқинроқ бўлади. Мэйсон Маунт яхши ҳаракатланди, аммо жуда яхши спорт формасида бўлган ЕЧЛ ғолибидан бундан кўпроқ нарса кутишмоқда. Бошқа томондан, Саутгейтнинг ихтиёрида захирадаги Жек Грилиш ва Маркус Рэшфорд каби футболчилар бор, Жейдон Санчо эса ўйин заявкасига кира олмаганди...

Аммо инглизларнинг бундай тарқоқ ўйинини ҳам тушуниш мумкин. Уларда турнирга етарлича тайёрланиш учун имкон бўлмади. Терма жамоа ўзагини ташкил этувчи «Манчестер Сити» ва «Челси» футболчилари 29 май куни Чемпионлар лигаси финалида ўйнашди. Улар дам олишга улгуришмаган. Натижада Евро арафасида Австрия ва Руминияга қарши ўртоқлик ўйинларида Саутгейт турнирга заявка қилинмаган Жесси Лингард ва Бен Годфри каби футболчиларни ўйнатишга мажбур бўлди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, айтиш мумкинки, Англия турнир давомида очилади. Инглизлар яхшироқ ўйнашга мажбур, Хорватияга қарши кўрсатилган ўйин билан эса чоракфиналдан нарига ўтиб бўлмайди.

Мавзуга оид