Сўнгги пайтларда катта бозорлар яқинидаги кўчма ярмаркаларда, аҳоли гавжум чорраҳалар ва йўл бекатлари ёнида, кичик дўкончалар расталарида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини учратиш мумкин. Айни жазирама ёз фаслида бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон организмида турли касалликларни келтириб чиқариш эҳтимоли жуда юқори.
Текширувлар нимани кўрсатмоқда?
Маълум қилинишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2020 йил давомида яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш ҳолатлари бўйича 157та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатларда муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари истеъмолчилар томонидан харид қилингани аниқланган.
Бундан ташқари, июнь ойининг бошида агентлик ходимлари томонидан республиканинг ички истеъмол бозорларида маркировкалаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги (озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда сотишда) талабларига риоя қилинишини аниқлаш мақсадида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ўрганилган 284та савдо объектида 1075та ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилгани қайд этилган. Ушбу маҳсулотларнинг 32таси ёки 3 фоизи импорт маҳсулоти бўлса, қолган 97 фоиз маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли.
Таҳлилларга кўра, қоида бузиш ҳолатларининг 31 фоизи қандолатчилик маҳсулотларида, 17 фоизи сут маҳсулотлари, 13 фоизи колбаса маҳсулотлари, 3 фоизи макарон маҳсулотлари ва 3 фоизи қадоқланган ўсимлик ёғи маҳсулотларида кузатилган.
Кўриниб турибдики, қоида бузиш ҳолатларининг 70 фоизга яқини кундалик истеъмол қиладиган маҳсулотларимиз билан кузатилган. Бундан ташқари, ўрганилган савдо объектининг ҳар бирида ўртача 4тага яқин ҳолат қайд қилинган.
Қонунда қандай чоралар кўрилади?
Бугунги кунда яроқлилик муддати ўтган товарларни сотганлик учун максимал жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари(2 млн 450 минг сўм)га тенг.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига мувофиқ, истеъмолчиларга била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан, товар истеъмолига оид хусусиятлар ёки сифати хусусида чалғитиш туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.












