Йил бошидан буён давлат дастури асосида 45 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, янги тартиб асосида шаҳарларда 17 354 та, қишлоқ жойларда 9 260 та хонадонли кўп қаватли уйлар, шунингдек, 6 500 та якка тартибдаги уйлар қурилиши керак.
Бу борада Қурилиш вазирлигига қатор вазифалар юклатилган. Вазир ўринбосари Насрулло Бобоев билан суҳбатимизда уй-жой қуриш, унга бўлган талаб ва бошқа масалалар хусусида сўз борди.
— Ўзбекистон шароитида аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ўрганилганми? Бир йилда қанча уй-жой керак бўлади?
— Бугунги кунда талабни қондириш учун ҳар йили 100-150 минг хонадон қуриб фойдаланишга топширишимиз зарур. Президент фармони билан соҳадаги ишлар тартибга олинди. 2020 йилда бир миллион метр квадратдан ошиқ уй-жойлар қурилди. Бу – олдинги йилларга солиштирганда катта кўрсаткич.
Жорий йилда эса 54 мингта уй-жой қурилиши белгиланган. Бу миқдордаги уй-жой янги тартибга биноан республика бўйлаб тақсимланган. Шундан 20 мингта кўп квартирали уйлар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган инсонларга берилади.
Шунингдек, қишлоқларда “Қишлоқ қурилиш инвест” иштирокида 8,5 мингта, шаҳарларда эса “Ўзшаҳар қурилиш инвест” буюртмачилигида 3,5 минг кўп қаватли, кўп квартирали уйлар қурилади.
Бундан ташқари, якка тартибдаги уй-жойларга ҳам талаб борлиги туфайли 6,5 мингта якка тартибдаги уйларга кредит ажратиш орқали аҳолига харид қилиш имконияти яратилди.

— Якка тартибдаги уй-жойни янги тартибда намунавий лойиҳа асосида қуриш нимани англатади?
— Қурилаётган кўп қаватли ёки якка тартибли уйлар массив шаклида бўлиши, унинг таркибида ижтимоий, маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлиши керак. Шунингдек, массив аҳолисини иш билан таъминлаш учун унинг атрофида ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш назарда тутилган.
Қурилиш вазирлиги кўп қаватли уйларнинг 9 турдаги намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқди. Унда асосий урғу биноларнинг энергия тежамкор бўлиши, уларнинг ёнғин, сейсмик ва бошқа жиҳатлардан хавфсиз бўлишига қаратилди.










