Фан-техника | 16:56 / 29.06.2021
39324
3 дақиқада ўқилади

Telegram'да хайрия маблағларини йиғиш функцияси ишга тушди

Telegram мессенжери канал эгаларига ўз обуначиларидан молиявий кўмак йиғиш имконини берувчи хайрия ботини тақдим этди.

Фото: Reuters

Telegram мессенжерида каналга эга фойдаланувчилар ўз обуначиларидан хайрия маблағларини йиғиш имкониятига эга бўлди.

Бунинг учун @Donate расмий боти ишга туширилди. Бот орқали Ўзбекистон ҳудудида ҳам хайрия маблағларини тўплаш мумкин.

Таъкидлаш керак, юз минглаб обуначиларга эга турли каналлар – Telegram'нинг мавқейини кўтариб турувчи асосий омиллардан бирига айланган.

Бунга қадар контент яратувчилари ёки Telegram канал эгалари аудиториядан молиявий ёрдам олиш учун учинчи томон хизматларидан фойдаланиб келаётганди. Яъни каналга пулли реклама қўйиш эвазига даромад топишади.

Droidmaze'нинг қайд этишича, ҳозирда BymeCoffee ва ko-fi – Telegramда хайрия ва молиявий ёрдам олишнинг энг машҳур усуллари. Мессенжер созловчилари буни таҳлил қилиб чиққач, Telegram'га ўз хайрия функциясини қўшишга қарор қилган.

@Donate расмий боти орқали канал эгалари бот томонидан берилган оддий кўрсатмаларга амал қилиб, ўз каналларида хайрия функциясини ўрнатиши мумкин.

Хайрия боти Payment 2.0 тизимига асосланган, бу технология Ўзбекистондаги тўлов тизимларидан CLICK ва Payme'га уланган.

Telegram Info'га кўра, пул маблағларини ўтказиш ва қайтариб олиш учун комиссия 5 фоиз этиб белгиланган, бироқ бу миқдор камайиши кутилмоқда.

Канал эгалари тавсия этиладиган тўлов миқдорини киритиш имкониятига эга. Фойдаланувчилар тўлов қилаётган тавсия этилган хайрия миқдорини ўзгартириши мумкин.

Огоҳ бўлиш керакки, @Donate ботида Telegramнинг кўк рангли расмий белгиси бор, шу орқали уни ўхшаш номдаги бошқа ботлардан фарқлаш мумкин.

Хайрия маблағларини олиш учун Telegram канали қуйидаги мезонларга жавоб бериши керак:

  • канал 3 ой ёки ундан кўпроқ вақт мобайнида фаолият юритаётган бўлиши;
  • канал барча учун очиқ бўлиши;
  • мингдан ортиқ обуначига эга бўлиши;
  • таълим ва кўнгилочар тоифадаги канал бўлиши.

Хайрия боти қандай созланади?

Ҳозирда @Donate боти фақат инглиз тилида ишламоқда. Унга канални улаш учун:

  • Ботга кириб, “старт” тугмасини босинг.
  • Асосчи (creator) сифатида ўз ролингизни танланг;
  • Канални рўйхатдан ўтказиш учун / белгисини босинг ва рўйхатдан ўтинг.
  • Каналингизга @Donate ботини админ сифатида қўшинг (бот рухсатингизсиз каналда ҳеч нарса эълон қила олмайди, ўчирмайди ёки бошқа амалларни бажармайди).
  • Aризангизнинг ҳолатини текшириш учун / ни киритинг.

Маълумот учун, Telegram'нинг сўнгги талқинида видеоқўнғироқлар функцияси ҳам қўшилган.

Мавзуга оид