11:19 / 04.07.2021
9021

Англия яримфиналга чиқди. Шевченко жамоаси 4та гол ўтказди

Англия ҳақли равишда яримфиналга чиқди.

Фото: ROBBIE JAY BARRATT / GETTY IMAGES

Евро-2020. 1/4 финал
Украина — Англия — 0:4 (0:1)
Голлар: Кейн, 4 (0:1). Магуайр, 46 (0:2). Кейн, 50 (0:3). Хендерсон, 63 (0:4).
Украина: Бушчан, Забарний, Матвиенко, Кривцов (Циганков, 35), Караваев, Сидорчук (Макаренко, 64), Зинченко, Шапаренко, Миколенко, Яремчук, Ярмоленко.
Англия: Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунс, Шоу (Триппьер, 65), Санчо, Маунт, Райс (Ҳендерсон, 57), Филлипс (Беллингем, 65), Стерлинг (Рэшфорд, 65), Кейн (Калверт-Льюин, 73).
Ҳакамлар: Бриҳ. Борш, Лупп (барчаси — Германия).
ВАР: Фриц. Гиттельманн, Дингерт, Данкерт (барчаси — Германия).
3 июль. Рим. Олимпийский стадиони.

Гарет Саутгейт энди бемалол ўз танқидчиларига таблодаги ҳисобга қарашни тавсия қилиши мумкин. Унинг раҳбарлигида Англия қаторасига иккинчи йирик турнирда яримфиналга қадар етиб келди. 2018 йилги жаҳон чемпионатида тўртинчи бўлган жамоа энди Евро-2020да ҳам камида шу натижани такрорлаши аниқ. Инглизлар сўнгги бор 50 йил муқаддам халқаро турнирда совриндор бўлишган — ЖЧ-1966дан кейин «уч шерлар» Евро-1968да бронза медалларга сазовор бўлишганди. Европа чемпионатларида инглизлар сўнгги бор 25 йил аввал — 1996 йилда Англиядаги турнирда яримфиналгача етиб боришганди.

2000-йилларда ҳам Англияда юлдузли номлар борасида ҳозиргидан қолишмайдиган жамоа тўпланганди. Гари Невилл, Фердинанд, Терри, Кэмпбелл, Эшли Коул, Бекҳэм, Жеррард, Лэмпард, Макманаман, Руни, Оуэн... Аммо бу йигитлар катта турнирларда бирор марта ҳатто яримфиналгача етиб бора олишмаган. Ҳолбуки уларни Свен-Йоран Эриксен ва Фабио Капелло каби авторитет мураббийлар шуғуллантирган. Муваффақиятсизликларга турлича омиллар бор эди — 2002 йилги жаҳон чемпионати чоракфиналида Симэн Роналдиньонинг майдон марказидан йўллаган зарбасини ўтказиб юборган, кейинги икки турнирда жамоа пенальтилар сериясида ютқазиб иштирокини тўхтатган, 2010 йилда ЖАР мезбонлигидаги мундиалда Лэмпарднинг тоза голи инобатга олинмаган.

Эриксен даврида ҳам, Капелло даврида ҳам «олтин авлодлар» катта турнирларда керагидан ортиқ прагматик ва зерикарли ўйин намойиш этишган, худди ҳозир Саутгейт даврида бўлаётгани каби. Аммо Саутгейтнинг концепцияси натижа келтирмоқда. Ҳозирча оралиқ натижа. Аммо унгача бўлган 20 йилликдаги энг яхши натижалар.

Қолаверса, бошқа мураббийлардан фарқли равишда Саутгейтда асосий таркиб билан ишлашда жуда кам вақт бўлди. 29 май куни «Челси» ва «Манчестер Сити» (бу жамоалардан Англия термасига жами 10 футболчи жалб этилган) Чемпионлар лигаси финалида тўқнашди, 13 июнь куни Англия Хорватия билан ўйнади. Евро арафасидаги ўртоқлик учрашувларида ўйнаган футболчилар якуний заявкага киритилмади, киритилганларга эса дам берилиши керак эди.

Ҳозирда Англия Украинага тўртта гол урган бўлса-да, зерикарли ўйин ҳақида гапирадиганлар топилади. Чиндан ҳам Римдаги ўйин барчани ҳаяжонда ушлаб турадиган, ҳаддан ташқари томошабоп бўлмади, ўйин масаласи ҳал бўлгач, сўнгги ярим соат эса машғулот ўйинига айланиб кетди. Аммо инглизлар савия жиҳатдан устунликларидан жуда унумли фойдаланишди. Ниҳоят стандарт вазиятлардан гол ура бошлашди. ЖЧ-2018да бу уларнинг фишкаси бўлганди. Саутгейт — стандартларга муккасидан кетган, у буни такомиллаштириш мақсадида ҳатто баскетболдаги кўникмаларни ўрганиш учун АҚШга учиб бориб келади.

Гуруҳ ўйинларида мухлислар ёқимтойига айланиб қолган Украина нимчорак финалда Швеция тўсиғидан ўтиб қаҳрамонлик кўрсатиб бўлганди. Уларнинг барча кучи ва эмоциялари Глазгода қолди. Худди 2006 йилги жаҳон чемпионатида 1/8 финалда Швейцария пенальтилар сериясида мағлуб этилиб, кейинги босқичда Италия томонидан тор-мор этилгани каби (0:3). Ўйинда ёдда қоладиган чиройли вазият Андрея Шевченко ўйин охирида майдонга ёшларни ташламоқчи бўлгани бўлди - аммо Довбик, Судаков ва Тимчик ўйинга тушишга улгурмади — ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳакамнинг якуний ҳуштаги чалингунича тўхталиш бўлмади.

Англия энди яримфиналда 7 июль куни Дания билан учрашади, иккинчи яримфинал жуфтлиги Испания-Италия қарама-қаршилигидан иборат, бу ўйин 6 июль куни бўлиб ўтади.

Мавзу
Евро-2020
Пандемия туфайли кечиктирилган футбол бўйича Европа чемпионати 11 июнь куни бошланади. Турнир илк марта бутун Европа бўйлаб 11 шаҳардаги стадионларда ўтказилади.
Барчаси
Top