Ўзбекистон | 17:48 / 04.07.2021
10180
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон миллий табиат боғида йирик ёнғин содир бўлди

Фото: Тошкентдан кўрсатамиз! / Telegram

3 июль куни тунда Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин юз берган. Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бу ҳақда расмий маълумот берди.

Маълумотда келтирилишича, 3 июль куни кечки пайт Зарафшон миллий табиат боғининг Жомбой тумани «Олмазор» МФЙ, Қарабчи қишлоғида жойлашган ўрмон хўжалигида ёнғин содир бўлган.

Бу ҳақда вилоят ФВБга соат 21:10 ларда хабар келиб тушган. Олинган хабарга асосан соат 21:51 да ёнғин содир бўлаётган жойга 5 та ёнғинга қарши кураш бўлинмалари етиб борган.

Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 2:51 да ўраб олиниб, соат 4:03 да ўчирилган. Ёнғинда ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва зарари аниқланмоқда.

Қайд этилишича, ёнғин оқибатида миллий табиат боғининг 1,5 гектар майдонида тўқайзорлар (малина, бутазор, шох-шабба) ёниб кетган.

Маълумот учун, «Зарафшон» миллий табиат боғи Ўзбекистондаги 10 қўриқхона ва миллий боғлардан бири бўлиб, 1975 йилда қўриқхона сифатида ташкил қилинган, кейинчалик миллий табиат боғига айлантирилган. Боғ майдони 2352 гектарни ташкил қилади ва у Зарафшон дарёси бўйлаб 47 километрга чўзилган. Боғнинг асосий мақсади – республикада йўқолиб бораётган жонзотлар популяциясини тиклаш ва сақлаш, бошқа қуш ва ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишдан иборат. Бу ерда 1995 йилдан буён Бухоро буғусини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур боғда 2020 йилда ҳам ёнғин рўй берган ва боғнинг 2 минг метр квадрат майдонини қамраб олганди.

Мавзуга оид