Жаҳон | 09:36 / 05.07.2021
4958
2 дақиқада ўқилади

Жефф Безос Amazon бош директори лавозимини тарк этади

Жефф Безос 5 июлда ўзи асос солган Amazon компанияси бош директори лавозимини тарк этади. Компания раҳбари ваколатлари Amazon Web Services’га раҳбарлик қилган Эндрю Жессига ўтади. Бироқ Безос компания бошқарув раиси сифатида қолади.

Фото: Getty Images

“Мен ўзимни ҳеч қачон ҳозиргидек ғайратли ҳис қилмаганман ва гап пенсияга кетиш ҳақида бормаяпти. Бугунги кунда Amazon’да юз миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатувчи 1,3 млн нафар истеъдодли, ғайратли одамлар ишламоқда. Компаниянинг ўзи эса дунёдаги энг муваффақиятли компаниялардан бирига айланган. Бу қандай юз берди? Кашфиётлар. Кашфиётлар муваффақиятимиз сабабидир. Биз ақлбовар қилмас ишларни амалга ошириб, кейин уларни одатий нарсаларга айлантирганмиз”, деб айтган аввалроқ Безос.

Унинг таъкидлашича, бош директор лавозими кўп куч ва ғайрат, катта масъулият талаб қилади ва бошқа лойиҳалар учун вақт қолддирмайди. Шу сабабли, миллиардер ўз лавозимини тарк этишини бошқа лойиҳаларга, жумладан, ўзи асос солган Blue Origin аэрокосмик компаниясига кўпроқ вақт ажратмоқчилиги билан тушунтирган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, Безос компания томонидан ишлаб чиқилган New Shepard кемасида 20 июлда фазога йўл олади.

Amazon компанияси 1994 йилда Сиэтлда китоблар сотиш билан шуғулланувчи онлайн платформа сифатида ташкил этилган. Ўша вақтдан бери у электрон тижорат бозоридаги етакчи компаниялардан бирига айланди.

Айни вақтда Безос дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида етакчилик қилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, унинг бойлиги 201,8 млрд долларни ташкил қилмоқда.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид