Эртаси куни у шошилинч қўнғироқ билан давлат департаментига борганида давлат котибининг ўринбосари Ричард Армитиж «Бугун янги тарих бошланади», дейди. Кейин эса президент Парвез Мушаррафга топширилиши керак бўлган эслатмани беради.

Ҳамма нарса амр қилинганди:

  • «Ал-Қоида»ни моддий-техник қўллаб-қувватлаш тўхтатилади;
  • терроризмга қарши операциялар учун ҳаво майдони очилади ва разведка маълумотлари берилади;
  • «Толибон»га нефт етказиб бериш тўхтатилади;
  • Афғонистон-Покистон чегараларидаги жангарилар оқими чекланади;
  • башарти «Толибон» «Ал-Қоида»га бошпана беришни давом эттирса, у билан алоқалар узилади.

Кейинчалик Армитиж «Ё биз билансиз ёки йўқ. Сизни тош асрига қайтарамиз», дея Мушаррафга тўғридан тўғри таҳдид ҳам қилиши мумкин эди.

Ҳолбуки улар Афғонистондаги вакиллик урушида шерик эдилар. Бу – сафи кескин ўзгарган, узоқ ва мураккаб шерикчилик эди. Покистон бу икки тарафда кенг тарқалган «Бирлашган Паштун минтақаси»нинг идеализми ва Кобулнинг советпараст сиёсати боис 1975 йилдан бошлаб Афғонистондаги радикал кучларни қўллаш орқали вакиллик урушини бошлайди.

1979 йилдан саудияликларнинг пуллари, Марказий разведка бошқармаси координацияси ва Покистоннинг моддий-техник кўмаги билан советлар аралашувига қарши «глобал сафарбарлик» бошланади. АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жимми Картер 1979 йил 3 июлда, яъни советлар келишидан 5 ой 21 кун олдин мухолифатни қўллаб-қувватлаш учун яширин «Циклон» операциясини тасдиқлаганди.

«Жамоати исломий»нинг етакчиси Бурҳониддин Раббоний, «Исломий иттифоқ»нинг етакчиси Абдурасул Сайяф, «Ҳизб-и Исломий»нинг етакчиси Гулбуддин Ҳикматёр ва кейинчалик Шимолий альянснинг етакчисига айланган Аҳмад Шоҳ Масъуд ушбу вакиллик урушининг олдинги сафидан жой олишди.

1979 йилдан кейинги давр

1979 йилдан бери Покистонда бошпана топган 2 миллиондан ортиқ афғон қочқинлари «мужоҳидлар ҳовузи»га айланади. Иккинчи «ҳовуз» Покистондаги 13 мингга етган мадрасалар эди. У ерга минглаб қочқин болалар жойлаштирилади.

Марказий разведка бошқармаси (CIA) 1989 йилга келиб, 35 минг нафари араб бўлган қарийб 80 минг нафар мужоҳидни тайёрлаш учун 3,2 миллиард доллар сарфлаган эди. Саудия ва Хитойнинг ҳиссаси билан ушбу кўрсаткич 6-12 миллиард долларга етади.