Афғонистонда «Толибон» ҳукумати томонидан қабул қилинган полиция (Шўрта) тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ҳужжат мамлакатда ҳар қандай намойишларни ўтказишни биринчи марта қонун даражасида тўлиқ тақиқлайди ва айни пайтда хавфсизлик кучларининг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтиради.

Шўрта тўғрисидаги қонун «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан маъқулланиб, 2026 йил 22 августда расмий газетада эълон қилинган. Ҳужжат 53 моддадан иборат бўлиб, унинг ижроси Ички ишлар вазирлигига юклатилган.

Афғонистон ҳудудида ҳар қандай намойишларни тақиқловчи 50-модда асосий янгилик бўлди. Қонунда ҳукуматнинг митинг ёки оммавий акциялар ўтказишга рухсат бериши мумкин бўлган истисно ёки шартлар кўзда тутилмаган.

Шу билан бирга, ҳужжат «Толибон» ҳукумати полиция ўрнига «Шўрта» деб атайдиган тузилманинг ваколатларини кенгайтиради. Ходимларга фуқароларнинг шахсини аниқлаш, одамларни сўроққа чақириш, гумонланувчиларни ҳибсга олиш, тинтув ўтказиш ва кузатув олиб боришга рухсат берилади.

Қонун, шунингдек, куч ишлатиш тартибини ҳам батафсил белгилаб беради. Ҳужжатга кўра, хавфсизлик кучлари ихтиёрида сув пуркагичлар, қалқонлар, таёқлар, тўсиқлар, қурол-яроғ ва портловчи моддалар мавжуд. 39-моддада ходимларнинг қайси ҳолатларда қурол қўллаши мумкинлиги белгиланган.

Янги қонун «Толибон» 2021 йилда ҳокимиятга қайтганидан сўнг Афғонистонда амалда бўлган чекловларни қоғозда мустаҳкамлайди. Сўнгги йилларда ҳукумат норозилик акцияларини, айниқса, ўз ҳуқуқларининг чекланишига қарши кўчаларга чиққан аёллар намойишларини бир неча бор бостирган эди.