Жамоатчиликка ўзини кўрсатмайдиган, Қандаҳорда яшаши айтиладиган “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода диний-мафкуравий сиёсатнинг ортодоксал характерини белгилайди ва қуролли тузилмаларни ўз назоратида ушлайди. Кобулда эса ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ва унга яқин доиралар мамлакатдаги танг аҳволни ўнглаш учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва халқаро изоляциядан чиқишга кўпроқ урғу бермоқда.
“Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганига 5 йил тўлди. Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар қўшни мамлакатдаги ҳокимият бошқарувида энг кўп кўзга ташланаётган ҳолат – Қандаҳор ва Кобул ўртасида вақти-вақти билан тилга тушиб турадиган қарама-қаршилик ҳақида сўз юритди.
— “Толибон” гуруҳи ичида Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Сирожиддин Ҳаққоний қарашларидаги тафовутлар қанчалик жиддий?
Ҳамза Болтаев: “Толибон”да мафкуравий масалалар, миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва ташқи сиёсатга муносабат борасида муайян ички тафовутлар мавжуд. Мафкуравий ва ички сиёсат масалаларида Қандаҳорнинг роли устун. Бунинг асосий сабаби – “Толибон” ҳаракатининг ғоявий асосчилари ва унинг асосий раҳбарларининг катта қисми айнан шу ҳудуддан чиққани ҳамда ҳозирда ҳам ҳаракатнинг юқори лавозимларини эгаллаб турганидир. Шу боис давлатнинг мафкуравий қиёфаси, идентификацияси ва ички сиёсатининг асосий йўналишларини белгилашда Қандаҳор катта таъсирга эга.
Бугунги “Толибон”нинг давлат қурилиши фундаментал исломий ғояларга асосланган. Бу ёндашув қабила-уруғчиликдан кўра, исломий тамойилларга таянган давлатчилик моделини шакллантиришга қаратилган. Мазкур мафкуравий сиёсатни амалга ошириш ва уни мамлакат бўйлаб таъминлаш учун хавфсизлик тизими устидан қатъий назорат ўрнатилган. Афғонистонда хавфсизлик, разведка ва мудофаа тузилмалари ана шу сиёсатнинг асосий таянчи ҳисобланади. Бу жиҳатдан Қандаҳорнинг таъсири айниқса кучли. “Толибон”нинг қуролли кучлари ва хавфсизлик тизимида хизмат қилаётган мужоҳидларнинг катта қисми ғоявий жиҳатдан Қандаҳорга таянади.
Ҳатто Кобулдаги ҳукумат идоралари, жумладан Ташқи ишлар вазирлиги биноси ёки шаҳардаги назорат пунктларида ҳам хавфсизликни таъминлаётган кучлар Қандаҳордан тайинланиши Қандаҳорнинг бу борадаги таъсирини кўрсатади.
Шунинг учун мафкуравий сиёсат ва хавфсизлик масалаларида Қандаҳор ҳал қилувчи мавқега эга. Бироқ бу ҳолатни Қандаҳор “ғоявий пойтахт”, Кобул эса “сиёсий пойтахт” деган оддий икки қутбли модел билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Масаланинг моҳияти шундаки, “Толибон” ичида мафкуравий устуворлик билан прагматик бошқарув эҳтиёжлари ўртасида мувозанат мавжуд. Айниқса, ташқи сиёсат ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш масалаларида прагматик ёндашув тарафдорларининг таъсири кучли. Бу йўналишда Кобулнинг позицияси муҳим аҳамият касб этади. Чунки “Толибон”нинг ҳокимиятда узоқ муддат қолиши ва ўз легитимлигини таъминлаши фақат мафкуравий устунлик билан чекланмайди. Иқтисодиётни ривожлантириш, молиявий ресурсларни топиш, ташқи савдони йўлга қўйиш ва халқаро ҳамкорларни танлаш зарур.
Шу сабабли ҳозирги “Толибон” аввалги “Толибон”дан фарқли равишда нафақат мафкуравий мақсадлар, балки давлатнинг иқтисодий жиҳатдан яшаб қолиши ва халқаро майдонда ўз мавқейини мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ҳисобга олишга мажбур.
Айнан шу нуқтада прагматик қанотнинг, хусусан, Кобулдаги сиёсий ва иқтисодий доираларнинг овози кучаймоқда. Демак, “Толибон” ичидаги тафовутни шунчаки Қандаҳор ва Кобул ўртасидаги қарама-қаршилик сифатида эмас, балки мафкуравий устуворлик билан давлатни бошқариш, иқтисодиётни ривожлантириш ва ташқи алоқаларни кенгайтириш зарурати ўртасидаги ички мувозанат сифатида кўриш мақсадга мувофиқ.
Анвар Йўлдошев: “Толибон” ичидаги асосий ички зиддият Қандаҳор қаноти, яъни олий диний раҳбар Ҳайбатуллоҳ Охундзода тарафдорлари билан Хост ва Пактикадан чиққан ҳаққонийлар гуруҳи ўртасида кечмоқда. Сирожиддин Ҳаққоний – “Толибон”нинг нуфузли раҳбарларидан бири. Унинг отаси Жалолиддин Ҳаққоний Афғонистондаги урушлар даврида энг катта таъсирга эга дала қўмондонларидан бири бўлган. Сирожиддин ёшлигидан отаси билан бирга фаолият юритган, Покистонда диний таълим олган ва кейинчалик Ҳаққоний тармоғининг бошқарувида муҳим мавқе қозонган.
Жалолиддин Ҳаққоний вафотидан кейин, 2018 йилда, унинг ўрнини Сирожиддин эгаллаган. Сирожиддин Ҳаққоний узоқ вақт АҚШ томонидан қидирувда бўлган ва унинг қўлга олиниши учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди. Бироқ 2025 йил март ойида АҚШ ушбу мукофотни бекор қилди. Шунга қарамай, Ҳаққоний ва Ҳаққоний тармоғи халқаро терроризмга қарши санкциялар ва бошқа чекловлар доирасида ҳануз қолмоқда. Ҳайбатуллоҳ Охундзода эса “Толибон”нинг мафкуравий ва диний йўналишини белгиловчи асосий шахс ҳисобланади. У анча консерватив, ортодоксал қарашларга эга бўлиб, давлат бошқарувида қатъий диний тамойилларни сақлаб қолиш тарафдори.
Ҳаққоний эса нисбатан прагматик ёндашувни қўллаб-қувватлайди. Унинг қарашларида Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва бошқа давлатлар билан фаолроқ муносабат ўрнатиш масалалари муҳим ўрин тутади. Хотин-қизлар ҳуқуқлари борасида ҳам Ҳаққоний қаноти Охундзодага нисбатан юмшоқроқ позицияни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабарлар мавжуд. Айнан шу масалалар Охундзода ва Сирожиддин Ҳаққоний ўртасидаги зиддиятларнинг асосий сабабларидан бири сифатида кўрилади.
Ҳаққоний Афғонистоннинг олдинги сиёсий шароити ўтиб кетганини, мамлакат яшаб қолиши ва ривожланиши учун хорижий давлатлар билан ҳамкорлик зарурлигини таъкидлайди. Охундзода эса мафкуравий масалаларда муросага боришни истамайди. Бу зиддият фақат сиёсий қарашлар билан чекланмай, ҳокимият ва ваколатлар тақсимотига ҳам таъсир қилмоқда. Айрим пайтларда Ҳаққонийнинг ваколатларини, жумладан, у бошқараётган тузилмаларнинг таъсирини чеклашга уринишлар бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалган.
Бунда Сирожиддиннинг ёши ва сиёсий амбициялари ҳам муҳим омил. Охундзоданинг ёши катта, Ҳаққоний эса ундан анча ёш ва ўзини “Толибон”нинг кейинги бош раҳбари сифатида кўриши мумкин. Бундан ташқари, Ҳаққоний тармоғи Афғонистон бўйлаб кенг алоқаларга ва катта таъсирга эга. Шу сабабли унинг сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги салоҳияти Охундзода учун жиддий мувозанат омили ҳисобланади.
Вақт ўтиши билан бу зиддият янада кучайиши мумкин. Айниқса, Ҳаққоний Ғарб давлатлари, Европа мамлакатлари ва Россия билан алоқаларни ривожлантиришга интилаётган бир пайтда, унинг халқаро майдондаги прагматик имижи кучайиши эҳтимолдан холи эмас. Шу сабабли келажакда “Толибон” раҳбариятида ҳокимият алмашинуви юз берса, Сирожиддин Ҳаққоний Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг эҳтимолий ворисларидан бири сифатида кўрилиши мумкин. Бироқ бу ҳозирча аниқ сиёсий сценарий эмас, балки “Толибон” ичидаги кучлар нисбатидан келиб чиқадиган эҳтимоллардан биридир.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.














