Жамият | 11:36 / 08.07.2021
6126
2 дақиқада ўқилади

2017-2018 йилларда 20 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар «қора рўйхат»дан чиқарилгани маълум бўлди

2017-2018 йиллар давомида радикал диний оқимларнинг тарафдорлари деб ҳисобланган ёки таъсирига тушиб қолган 20 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларнинг «қора рўйхати»дан чиқарилган. Бу ҳақда илк марта расмий ҳужжат – «2021 - 2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармонида сўз боради.

Фармон билан тасдиқланган «2021-2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси»да маълум қилинишича, давлат ва жамоат институтлари бузғунчи мафкуралар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий ва диний реабилитация қилишга қаратилган ишларни фаол давом эттирмоқда.

Натижада сўнгги 4 йилда экстремизм ва терроризмга алоқадорлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган 2 минг нафардан ортиқ шахслар афв этилган ва 1,5 минг нафардан зиёд шахслар жазони ўташ жойларидан озод қилинган.

«2017-2018 йиллар давомида радикал диний оқимларнинг тарафдорлари деб ҳисобланган ёки уларнинг таъсири остига тушиб қолган 20 минг нафардан ортиқ шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳисобидан чиқарилган.

2019 - 2021 йилларда «Меҳр» дастури доирасида Афғонистон, Сурия ва Ироқдан халқаро террорчилик ташкилотлари сафига адашиб қўшилиб қолган 400 нафар хотин-қизлар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилиб, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реинтеграцияси учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатилди», дейилади ҳужжатда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин ҳам диний сабабларга кўра бузғунчи мафкуралар таъсиридан жабр кўрган шахсларга ҳар томонлама ижтимоий-ҳуқуқий ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича комплекс чора- тадбирларни давом эттиради.

Мавзуга оид