Чиндан ҳам, Санчо, Грилиш, Маунт, Рэшфорд, Стерлинг каби ўтган мавсум қаҳрамонлари бир таркибда нималарга қодир эканини кўриш қизиқ, лекин яна бир бошқа савол ўйлантиради – 55 йилда илк бор йирик турнир финалига чиққан Англия нималар қилди-ки, шу даражага келди? Ахир мураббийлар таркиб йиғиш учун «Саутҳэмптон» ёки «Эвертон»дан ўйинчи излаб юрганига кўп бўлмади-ку? Яқин яқингача ҳам АПЛ топ-клубларида инглиз футболчилари йўқ эди.

Ҳозир вазият бошқача. Англия нафақат Евродаги энг юлдузли ва қимматбаҳо таркибга эга, балки бу футболчилар анча ёш ҳам. Ҳар бир топ-клубда мунтазам равишда тўп сураётган «тинэйжерлар» ҳам бор – «Сити»да Фоден, «Юнайтед»да Гринвуд, «Челси»да Маунт каби футболчилар ҳали ўз сўзларини айтишгани ҳам йўқ. Англия қандай қилиб бу даражага келиб қолди?

Асрнинг дастлабки ўн йили, аввалги авлоднинг якунини эсланг: аввалига Стив Макларен бошчилигида Англия Евро-2008 йўлланмасидан қуруқ қолди. Кейин Фабио Капелло ҳам даври ўтган фахрийлар билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини кўрсатиб берди – ЖЧ-2010да гуруҳдан зўрға чиққан инглизлар нимчорак финалда Германияга йирик ҳисобда ютқазди.

Коул, Терри, Лэмпард, Жерард ва Фердинанд кабиларнинг даври ўтиб борар, уларнинг ўрни Дэнни Уэлбек ва Фил Жонс кабиларга қолаётганди. 2013/14 йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 78 испан, 55 немис ва атиги 23 нафар инглиз футболчиси тўп сурган. Англия миллий жамоаси мураббийига қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилаверинг. Ўша даврлар фонида Гарет Саутгейт бугунги авлод жаллоди ўлароқ, тайёр ошни пишира олмаётган ошпаздек кўриниши мумкин, лекин аслида айнан Саутгейт Англиядаги футбол ислоҳотларининг бош ижрочиларидан бири эканини кўпчилик билмаса керак.

2010 йилда АФА катта ўзгаришлар амалга оширишга киришди. Ислоҳотлар билан «Милдсбро»дан истеъфога чиқиб, ФАда ривожланиш бўйича директор лавозимига ўтирган Гарет Саутгейт, шунингдек, Тревор Брукинг (ҳозирги директор), футболчилар ва мураббийларни ривожлантириш департаменти раҳбари Мэтт Крокер, ҳамда ФА техник директори Дэн Эшфортлар шуғулланишни бошлади. Табиийки, мамлакат футболи билан энг тепадан бошлаб қайғурилди: АПЛ президенти Ричар Скадэмордан тортиб Буюк Британия спорт вазиригача бир ёқадан бош чиқаришди.

Биринчи қадам – Болалар футболидаги машғулотлар мазмуни ўзгарди

Аввало, ФА асосий муаммони тан олди – ёш инглиз футболчилари АПЛ клублари асосий таркибига кира олмаяпти ва рақобатда нафақат хорижий юлдузларга, балки ўртамиёна футболчиларга ҳам бой бермоқдалар. Қайғули факт – 2012/13 йилги мавсумда 21 ёшдан кичик инглиз футболчиларининг АПЛдаги вақти атиги 2,28 фоизни ташкил қилади. «Сити», «Челси», «Суонси», «Сток Сити» ва «Уиган» клублари сафида бу ёшдаги бирорта инглиз майдонга туширилмади. CIES (ФИФА тадқиқот маркази) маълумотига кўра, ўша мавсумда атиги 35 нафар 21 ёшдан кичик бўлган инглиз футболчиси майдонга тушган – 2005 йилдан буён энг паст кўрсаткич. 2005-йилларда инглиз жамоалари Европада анча етакчи ўринларда бўлишгани, биз қараётган мавсумда эса, АПЛ еврокубокларда Бундеслига ва Ла Лигадан анча ортда қолиб кетганини ҳисобга олсак, вазият янада оғир бўлганини тан олишга мажбурмиз.