Эрлинг Ҳоланд, 20 ёш
Қаердан: «Боруссия» Дортмунд
Қаерга: «Барселона», «Реал», «Челси», «Манчестер Сити»
Трансфер қиймати: 130 млн евро

Ҳоланд кашф қилинганидан буён ҳар трансферлар ойнасида топ-клублар нигоҳида бўлиб келмоқда. 2019 йил ёзида ушбу норвегиялик вундеркин ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бир ўйинида Ҳондурас дарвозасига тўққиз гол уриб, тилларда достон бўлганди. Ўшанда «Зальцбург» ушбу ёш юлдузни ярим йил ўз сафида олиб қолишга муваффақ бўлди. Бу вақтда Ҳоланд ўзини кўрсатиш учун тўлиқ фойдаланди ва барча турнирлар доирасидаги 22 ўйинда 28 гол урди, ЕЧЛ гуруҳ босқичида 7та гол уриб (шундан бири «Ливерпуль»га) яна барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Дортмунднинг «Боруссия» клуби мавсумлар оралиғида, 2020 йил январида ажойиб трансферни амалга оширди - ушбу истиқболли форвард атиги 20 миллион еврога сотиб олинди. Немислар клубидаги бир ярим йилда Ҳоланд 59 ўйинда 57 голни рақиблар дарвозаларига жойлади ва энди унинг трансфер қиймати 130 миллион еврогача ўсган (transfermarkt.de бўйича) — ундан фақат Килиан Мбаппе қимматроқ.

Ҳозирда уни трансфер қилишга уринмайдиган жамоаларни санаш унга даъвогарларни санашдан кўра осонроқ. Ёш футболчи шу йил баҳорида ўз агентлари (отаси Альф-Инге Ҳоланд ва Мино Райола аввал Испанияда, кейин Англияда бўлишган) билан Европа бўйлаб турне ўтказганди. Унинг хизматларига айниқса «Реал» ва «Челси» катта қизиқиш билдирмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, Лондон клуби 175 миллион евро таклиф қилмоқда.

Эрлинг Ҳоланд. Фото: Getty Images

Килиан Мбаппе, 22 ёш
Қаердан: «ПСЖ»
Қаерга: «Реал»
Трансфер қиймати: 200 млн евро

Мбаппенинг нархи шунчалик юқорики, унга даъвогар клублар сони биттагача қисқарган — «Реал». 22 ёшли ҳужумчи парижликлар билан кейинги ёзда тугайдиган шартномасини узайтиришга шошилмаяпти, клуб раҳбарияти эса Мбаппени Мадридга қўйиб юбормоқчи эмас. Пайшанба куни Marca «ПСЖ» босслари форвард учун молиявий жиҳатдан қайтариб бўлмас янги таклиф тайёрлаётгани ҳақида хабар берди.