Спорт | 16:46 / 12.12.2024
9173
2 дақиқада ўқилади

Файзуллаевнинг трансфер баҳоси яна 2 миллион еврога ошди

Transfermarkt портали Россия Премьер-лигасида фаолият юритаётган футболчиларнинг трансфер баҳосини янгилади.

Фото: Tribuna.uz

Унга кўра, ЦСКА клуби яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер баҳоси 2 миллион еврога ошиб, 6 млн евродан 8 млн еврога кўтарилган. Ўзбекистон миллий жамоасининг 21 ёшли яримҳимоячиси Россия Премьер-лигасида трансфер нархи энг кўп кўтарилган футболчилар учлигидан жой олди. «Спартак» ҳужумчиси Манфред Угалденинг (15 млн евро) баҳоси 6 млн еврога кўтарилган бўлса, «Локомотив» яримҳимоячиси Алексей Батраковнинг (8 млн евро) трансфер нархи 3 млн еврога, Аббосбек Файзуллаевнинг (8 млн евро) 2 млн еврога ошган.

Шу тариқа, Аббосбек 8 млн евро трансфер нархи билан ЦСКАнинг энг қимматбаҳо ўйинчилари орасида Иван Обляковдан (9 млн евро) кейинги 2-ўринда бормоқда. Таркибдаги яна бир футболчи – Игор Дивеевнинг ҳам трансфер баҳоси 8 млн еврони ташкил қилмоқда.

Файзуллаевнинг трансфер баҳоси 2 млн евро ошган бўлса-да, у Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо ўйинчиси номини Абдуқодир Ҳусановдан қайтариб ололмади. Куни кеча Transfermarkt «Ланс» ҳимоячисининг баҳосини 12 млн еврога кўтарганди. ЦСКА футболчиси бу борада миллий жамоанинг энг қиммат 2-ўйинчиси бўлиб турибди, 5 млн евро нархга эга Элдор Шомуродов эса учликда қолган.

Мавзуга оид